Ўзбекистон элчиси Покистон билан ҳамкорликнинг янги босқичлари ҳақида сўзлаб берди
Апрель 21, 2026. 11:35 • 4 дақ
• 222
ИСЛОМОБОД, 21 апрель. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи “The Diplomatic Insight” журналида Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев билан интервью эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик ривожланишининг ҳозирги даражаси баҳоланиб, Ўзбекистон–Покистон кўп қиррали ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ва жорий натижалари қайд этилди.
Хусусан, элчи таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида олий ва юқори даражада мунтазам сиёсий мулоқот фаоллашди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи тарихий аҳамият касб этди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири телефон мулоқотлари орқали ҳам ўзаро фикр алмашди. Бўлиб ўтган мулоқотлар натижасида икки томонлама ҳамкорликнинг турли соҳалардаги устувор вазифалари белгилаб олинди.
Элчининг сўзларига кўра, бугунги глобал ноаниқликлар даврида жаҳон иқтисодиёти жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бу ҳолат савдо, иқтисодиёт, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда халқаро ҳамкорликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон ва Покистон ҳам бу жараёндан мустасно эмас.
Бундай шароитда мамлакатларимиз аҳолисини зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш масалалари айниқса долзарбдир. Ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирлари, халқаро ва минтақалараро транспорт ва алоқа йўллари, автомобиль ва темир йўл транспортида узилишлар мавжудлигини ҳисобга олиб, минтақада транспорт ва транзит йўналишларининг диверсификация қилинган тизимини шакллантириш бўйича ҳаракатларни фаоллаштириш муҳимдир.
Шу билан бирга, интервьюда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ҳолати батафсил таҳлил қилинган. Янги транспорт йўлакларини очиш, хусусан, Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишнинг муҳим жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтилган.
“Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама кун тартибининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, — дея фикр билдирган элчи. — Хусусан, ўзаро товар айланмаси ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсад қилинган. Асосий устувор йўналишлар сифатида саноат кооперацияси, фармацевтика ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳалари белгиланган”.
Шунингдек, суҳбатда юқори технологиялар, рақамли иқтисодиёт, электрон тижорат ва қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этиш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳақида ҳам сўз юритилган.
Дипломатнинг айтишича, Ўзбекистон Покистон билан аниқ инновацион, инфратузилмавий, транспорт, коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш тарафдори. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликка барқарорлик бахш этади ва аҳоли фаровонлигини оширишга ҳисса қўшади.
Бундан ташқари, интервьюда туризм ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам батафсил ёритилган. Қайд этилишича, ушбу йўналишларда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аввало, виза режимларини енгиллаштириш ва инсонлар ўртасидаги алмашув учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу борада бизнес ва туристик сафарларни соддалаштиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, маданий тадбирлар, фестиваллар ва кўргазмаларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Яна бир жиҳатни эътиборсиз қолдирмаслик керак, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида авиақатновлар сони ҳафтасига 4 тага етказилди. Хусусан, Тошкент–Лаҳор йўналишида 2 та, Исломобод–Тошкент йўналишида 2 та авиарейс амалга оширилмоқда. Улардан 3 таси 2025 йилда йўлга қўйилди. Ушбу рейслар ишга тушганидан буён 30 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилди. Яқинда Тошкент–Лаҳор йўналиши бўйича қўшимча авиапарвозлар очилиши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонни Карачи шаҳри билан боғлайдиган ҳаво қатновларини йўлга қўйиш юзасидан ҳам музокаралар давом этмоқда”, – деган Ўзбекистон элчиси.
Алишер Тўхтаев интервью якунида Ўзбекистон Покистон билан барча йўналишларда ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни ишлаб чиқишга тайёр эканини билдирди. Мамлакатларимизнинг Марказий ва Жанубий Осиёнинг марказида жойлашгани ҳамда кенг халқаро ҳамкорлик учун очиқлиги умумий узоқ муддатли манфаатларга хизмат қилишини таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси