Германияда Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятига бағишланган янги журнал чоп этилди
Январ 31, 2026. 10:00 • 3 дақ
• 51
БЕРЛИН, 31 январь. /“Дунё” АА/. Германияда мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятига бағишланган “UZBEKISTAN - invest now” журналининг илк сони нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Германиялик ишбилармон доиралар учун немис тилида чиқарилган журнал Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси, Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси (AHK Zentralasien), Германия саноат ва савдо палатаси (GIC Uzbekistan - German Industry and Commerce) ва Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси (Ost-Ausschuss der Deutschen Wirtschaft) билан ҳамкорликда тайёрланди. Мутахассислар ушбу рангли журнални немис ишбилармон доиралари учун ўзига хос маълумот манбаи бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Нашрда германиялик ва мамлакатимиз соҳа экспертлари томонидан Ўзбекистондаги тизимли ислоҳотлар, макроиқтисодий барқарорлик ва немис инвесторлари учун яратилган имкониятлар таҳлилий жиҳатдан очиб берилган.
Журналнинг кириш қисмида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатовнинг мақоласи ўрин олган. Унда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йилдан буён амалга оширилаётган кенг қамровли туб ислоҳотлар натижасида эришилаётган ютуқлар ва эгалланган марраларга оид билдирилган фикрлар тегишли кўрсаткичлар ва қиёсий таҳлил шаклида келтирилган.
Элчининг ёзишича, бугунги кунда Германиянинг “MAN Truck & Bus SE”, “Volkswagen Group”, “Claas KGaA mbH”, “Knauf” каби немис капитали иштирокидаги компаниялар Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Эдуард Кинсбрунер ва Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси департаменти директори Владимир Никитенко ўз мақолаларида икки давлат ўртасидаги алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга чиққанини таъкидлашган.
Кинсбрунернинг қайд этишича, узвий сиёсий мулоқот, мамлакат иқтисодиётининг босқичма-босқич очилиши ва инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар немис тадбиркорлари ишончини қозонди. Германия иқтисодиётининг муҳим қатлами бўлган кичик ва ўрта бизнес (“Mittelstand”) вакиллари Ўзбекистон бозорига бугун нафақат сармоя, балки юқори технологиялар, ноёб бошқарув тажрибаси ва замонавий касбий таълим стандартларини ҳам олиб кирмоқда.
2025 йил Ўзбекистон-Германия иқтисодий ҳамкорлиги учун муваффақиятли бўлди. Саноат, машинасозлик ва технологиялар, кимё, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида қатор янги лойиҳалар ташкил этилди.
“2025 йил баҳорда ишга туширилган “German Invesment Navigator” рақамли платформа ҳамкорликни янада фаоллаштирди. Платформа Ўзбекистондаги немис капитали иштирокидаги лойиҳалар, уларнинг амалга ошиш жараёни ҳақида маълумот беради ва мавжуд қийинчиликларни бартараф этиш, лойиҳаларни тезлаштириш ва ўз вақтида амалга ошишига хизмат қилади”, дейди Владимир Никитенко.
Германия саноат ва савдо палатаси (GIC) бошқарувчиси Малика Акрамова берган интервьюда саноатнинг тоғ-кон, кимё, тўқимачилик ва трикотаж, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш, энергия соҳаларида мавжуд юқори ҳамкоркорлик салоҳияти ҳақида тўхталиб ўтган.
“UZBEKISTAN - invest now” журналининг таҳлилий мазмуни шуни кўрсатадики, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар савдо-иқтисодий алоқалар билан чекланиб қолмай, балки кенг қамровли, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли стратегик ҳамкорликка айланиб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
