Немис матбуоти: Берлинда Буюк Ипак йўли оҳанги ва ранглари намойиш этилди
Ноябрь 17, 2025. 16:55 • 2 дақ
• 149
ФРАНКФУРТ, 17 ноябрь. /"Дунё" АА/. Германиянинг "Deutsche Allgemeine Zeitung" нашрида "Ипак йўли оҳанги ва ранглари" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада шу йил октябрь ойида Берлин филармониясида бўлиб ўтган халқаро гала-концерт ҳақида сўз юритилган. Ушбу маданий тадбирда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркиядан келган моҳир мусиқачилари томонидан Европа ва миллий мумтоз куй-қўшиқлар намойиш этилган. Феруза Абдураҳимова ва Қаҳрамон Бозоров дирижёрлигидаги ўзбек "Сўғдиёна" миллий чолғулар камер оркестрининг ўзбек халқ мусиқалари, қадимий туркман, турк, озарбайжон куйлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирган.
Нашрда таъкидланишича, қадимги Ипак йўлининг юраги бўлган Марказий Осиё Россиядан то Хитой ва Афғонистонгача чўзилган бўлиб, бой, ранг-баранг маданий тарихга эга. Бу масканда нафақат савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, балки маданият ва санъат ҳам анча ривож топган.
Шунингдек, материалда "Into the Open" жамияти вакили, гала-концерт ташкилотчиси Николаус Рексрот маданий тадбирга юксак баҳо бериб, ўзбекистонлик санъаткорларнинг ҳар бир чиқишини катта қизиқиш ва ҳис-ҳаяжон билан томоша қилганини баён этган.
"Берлиндаги гала-концерт томошабинларга унутилмас онларни туҳфа этди. Буюк немис бастакорлари – Людвиг ван Бетховен, Иоганн Себастьян Бах ва Вольфганг Амадей Моцартнинг мусиқий асарлари ўзбек миллий чолғусида янгради, "Навбаҳор" рақс ансанмбли раққосалари ижросидаги ўзбек миллий рақслари маҳорат билан ижро этилди", – дейилади "Deutsche Allgemeine Zeitung" нашрида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси