Миср матбуоти: Ўзбекистон–Тожикистон ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичи бошланмоқда
Март 26, 2026. 12:06 • 2 дақ
• 146
ҚОҲИРА, 31 март. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Al-Diplomasi” va “Misr al-An” нашрларида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш имкониятларига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалларда таъкидланишича, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, 2017–2025 йиллар давомида Ўзбекистон–Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,8 баробарга ошиб, 238 миллион доллардан 912 миллион долларга етган.
Марказ маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини 30–40 фоизга ошириш имконияти мавжуд. Бу, аввало, икки мамлакат саноати ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш билан боғлиқ. Икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик барқарор ижобий ўсишни намоён этмоқда, бироқ мавжуд салоҳият ҳали тўлиқ ишга солинмаган.
Нашрларда қайд этилишича, Тожикистон Ўзбекистоннинг муҳим минтақавий савдо шерикларидан бири бўлиб, ўзбек маҳсулотларини импорт қилувчи давлатлар орасида етакчи ўринни эгаллайди. Икки мамлакатнинг географик яқинлиги, умумий чегара ва ривожланган транспорт алоқалари савдо муносабатларини янада кенгайтириш учун қулай имкониятлар яратмоқда. Бу борада автомобилсозлик, маиший техника, тўқимачилик ва кимё саноати маҳсулотлари экспортини ошириш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги умумий чегара оддий географик чизиқ эмас, балки логистика имкониятларига бой иқтисодий коридор сифатида намоён бўлади. Самарали транспорт алоқалари ва ҳудудий яқинлик транзакция харажатларини сезиларли даражада камайтиради. Бу эса трансчегаравий саноат интеграциясини нафақат амалий, балки стратегик жиҳатдан ҳам зарур жараёнга айлантиради.
Бироқ, яқинликнинг ўзи маҳсулдорликни кафолатламайди. Асосий бурилиш нуқтаси – анъанавий савдо алмашинувидан саноат йўналишига ўтишдир. Бундай моделда мамлакатлар фақат товар айирбошламасдан, балки биргаликда маҳсулот ишлаб чиқариб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси