“News Mark”: Ўзбекистон “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида Оролбўйида саксавулзорлар барпо этилмоқда
Август 24, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 171
БЕРЛИН, 24 август. /“Дунё” АА/. Германиянинг “News Mark” нашрида Ўзбекистоннинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳамда Оролбўйида амалга оширилаётган ўрмон-мелиорация ишларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифи Кристиан Гроссе қуриган Орол денгизи туби қум, туз ва чанг бўронларининг муҳим манбаига айланганини таъкидлаган. Унинг фикрича, саксовул экиш нафақат экологик тикланиш, балки аҳоли ва инфратузилма, жумладан, Ўрта йўлак транспорт объектларини чанг-тўзондан ҳимоя қилишга ҳам хизмат қилади.
Нашр маълумотига кўра, Оролбўйидаги яшил ҳимоя майдонлари 2 миллион гектардан ошган. Шунингдек, 2021 йилда бошланган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида беш йил ичида 1 миллиард туп дарахт ва бута экиш мақсад қилинган.
Мақолада атроф-муҳитни мониторинг қилишнинг рақамли усуллари ҳам жорий этилаётгани қайд этилган. Хусусан, 605 мингдан зиёд дарахтга электрон рақамлар берилган.
Бундан ташқари, материалда Ўзбекистон ва Германия ўртасида чўлланишга қарши курашиш ҳамда иқлим ўзгаришига чидамли саксовул турларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси