“MENAFN”: Ўзбекистон ва Озарбайжон Евроосиё орқали янги иқтисодий кўприк барпо этмоқда
Август 24, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 128
АММОН, 24 август. /“Дунё” АА/. Иорданиянинг нуфузли “MENAFN” халқаро нашрида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва ҳудудлараро алоқаларга бағишланган туркум таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалларда Боку ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар шунчаки товар айланмасини ошириш билан чекланиб қолмай, капитал, технология, энергетика ресурслари ва инфратузилма имкониятларини бирлаштирувчи мутлақо янги иқтисодий моделга айланаётгани алоҳида эътироф этилган.
“Озарбайжон ва Ўзбекистон Евроосиё орқали янги иқтисодий кўприк барпо этмоқда” сарлавҳали мақолада икки мамлакат иқтисодий имкониятлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Муаллифнинг қайд этишича, Озарбайжон Каспий денгизи ва Жанубий Кавказ орқали Европа бозорларига чиқиш имкониятини тақдим этса, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг йирик бозори, саноат ва ишлаб чиқариш кучи сифатида намоён бўлмоқда.
Нашрда ёзилишича, 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айланмаси 3 бараварга ортиб, 795 миллион долларни ташкил этган. 2026 йилнинг январь–май ойларида бу кўрсаткич яна 33 фоизга ўсди.
Товар айланмасидан ташқари, капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон–Озарбайжон инвестиция компанияси ташкил этилгани узоқ муддатли саноат кооперациясига мустаҳкам замин яратди.
Ҳамкорлик доирасида Озарбайжонда “Chevrolet” автомобиллари ва “Isuzu” автобуслари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, 2026 йилнинг июль ҳолатига кўра, 10,7 мингдан ортиқ енгил автомобиль ҳамда 275 та автобус конвейердан чиқди. Нефть-кимё соҳасида “SOCAR” ва “Ўзбекнефтгаз” ҳамкорлигида “Turan Energy AFEZCO” қўшма корхонаси фаолият юритмоқда.
“Яшил энергетика коридори альянси” доирасида қайта тикланувчи энергия манбаларини Каспий денгизи туби орқали Ғарбга экспорт қилиш, “Ўрта коридор” бўйлаб транзит ташишлар ҳажмини ошириш бўйича стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Нашрда эълон қилинган “Ўзбекистонлик мутахассислар Фузулийда “Дўстлик” интенсив боғини барпо этади” сарлавҳали мақолада Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон ва Озарбайжон IV ҳудудлараро форуми якунлари ҳақида сўз юритилган.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг маълумотига таяниб ёзилишича, ўзбекистонлик мутахассислар Озарбайжоннинг Фузулий туманида “Дўстлик” номли интенсив мева боғини ташкил этиш бўйича амалий ишларга киришган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси