“Orta Lectura”: Янги Ўзбекистонда хорижий инвестициялар ҳажми 13,7 миллиард долларга етди

Май 23, 2026. 13:30 • 2 дақ

62
“Orta Lectura”: Янги Ўзбекистонда хорижий инвестициялар ҳажми 13,7 миллиард долларга етди

МАДРИД, 23 май. /“Дунё” АА/. Испаниянинг “Orta Lectura” нашрида Янги Ўзбекистоннинг глобал инқирозлар шароитида иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва трансформация қилиш борасидаги ислоҳотлари бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти (СМТИ) биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматовнинг фикрларига таяниб, мамлакатнинг 2026 йил биринчи чорагидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари баҳоланган.

Экспертнинг таъкидлашича, эришилган кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг ташқи шокларга нисбатан ишончли ички иммунитетни шакллантира олганидан далолат беради. Глобал бозорлардаги беқарорлик ва логистик занжирларнинг узилишига қарамай, мамлакатда ЯИМ ўсиши ўтган йилнинг мос давридаги 6,8 фоиздан жорий йилда 8,7 фоизга кўтарилди. Саноат сектори 8 фоизга, локомотив вазифасини бажарган хизматлар соҳаси эса 16,1 фоизга ўсди.

Нашр ушбу ижобий динамикани Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган, давлатни оддий назоратчидан модернизация жараёнларининг фаол катализаторига айлантирган пухта стратегиянинг тўғридан-тўғри натижаси сифатида тавсифлайди.

Хусусан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун банк тизими орқали 140 триллион сўм (ўтган йилга нисбатан 30 фоиз кўп) маблағ йўналтирилгани, маҳаллаларга манзилли ёрдам сифатида 3,6 триллион сўм ажратилгани иқтисодий фаолликни пастдан бошлаб тиклашга хизмат қилган.

Мақолада Ўзбекистон иқтисодиётининг хомашё экспорт қилувчи моделдан юқори технологияли қиймат занжирларини яратиш моделига ўтаётгани алоҳида қайд этилган. Бу борада дунёнинг 40 дан ортиқ етакчи брендлари стратегик шерикликка жалб этилмоқда. Чорак давомида жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 1,6 бараварга ортиб, рекорд даражадаги 13,7 миллиард долларни ташкил этган.

Шунингдек ўқинг

Навбатдаги муҳим қадам сифатида, келгуси ойда Миллий инвестиция жамғармаси таркибидаги 13 та стратегик корхона бошқаруви “Franklin Templeton” компаниясига топширилиши ва 2,4 миллиард долларлик давлат активлари халқаро фонд бозорларига (IPO) чиқарилиши кутилмоқда.

Мақола хулосасида ёзилишича, мамлакатда амалга оширилаётган вазмин ва проактив ташқи сиёсат минтақада зарур барқарорлик муҳитини яратмоқда.



Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш