“Global Korea Post”: Тошкент илк бор жаҳоннинг энг кучли 100 та стартап экотизими қаторига кирди
Май 23, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 1
СЕУЛ, 23 май. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг оммабоп “Global Korea Post” газетасида Марказий Осиё ва Кавказ минтақасининг инновацион экотизимларини бирлаштирувчи “INMerge Innovation Summit” халқаро саммити якунларига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, ушбу нуфузли форум сўнгги йилларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркиянинг стартаплари, инвесторлари, йирик корпорациялари ҳамда давлат тузилмалари вакилларини бирлаштирган Марказий Евроосиёнинг етакчи технологик платформаларидан бирига айланди.
2026 йилда “INMerge” саммити биринчи марта бир шаҳар доирасидан чиқиб, кенг қамровли минтақавий “Roadshow” лойиҳасини ишга туширди. Мазкур лойиҳанинг асосий майдонларидан бири сифатида Тошкент шаҳри танланди. Пойтахтимизда ўтказилган тадбирларда стартапларни қўллаб-қувватлаган ҳолда сунъий интеллект, венчур инвестициялар ва рақамли инфратузилмани жадал ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Газетада ёзилишича, Ўзбекистон бугунги кунда минтақанинг энг тез ривожланаётган технологик бозорлари қаторидан мустаҳкам жой олди. Мамлакатда сўнгги бир йил ичида венчур инвестициялар ҳажми беш баравардан зиёд ўсди, стартап лойиҳалар сони эса 950 дан ошди. Олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида Тошкент шаҳри илк бор жаҳоннинг энг кучли 100 та стартап экотизими (“Top-100 Startup Ecosystems”) қаторига кирди.
Мақолада минтақанинг бошқа давлатларида ҳам инновациялар инфратузилмасини ривожлантириш борасида катта қадамлар ташланаётгани қайд этилган. Хусусан, Қозоғистон стартапларни халқаро миқёсда кенгайтириш учун 1 миллиард долларлик жамғармалар фондини шакллантирмоқда. Ўз навбатида, Озарбайжон технологик жамоалар ўртасидаги минтақавий марказ ролини кучайтириб, Боку шаҳри “Йилнинг стартап шаҳри” деб топилди.
Жанубий Корея нашри рақамли ҳамкорлик истиқболларини таҳлил қилар экан, 2024 йилда “IT Park Uzbekistan” ва “Astana Hub” томонидан йўлга қўйилган “Central Asian Innovation Hubs” ташаббуси Марказий Осиё стартапларига қўшма дастурлар ва халқаро акселераторлардан самарали фойдаланиш имконини берганини алоҳида эътироф этади.
“INMerge” халқаро саммитининг якуний бош босқичи жорий йилнинг 8-9 октябрь кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтади ва у бутун минтақадан юзлаб стартап асосчилари, йирик инвесторлар ҳамда технологик бизнес вакилларини бир майдонга жамлайди”-, дея хулоса қилинади нашрда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




