Ҳайратон–Мозори Шариф темирйўл линиясининг реконструкция қилинган бекати иш бошлади

Май 23, 2026. 13:00 • 2 дақ

83
Ҳайратон–Мозори Шариф темирйўл линиясининг реконструкция қилинган бекати иш бошлади

МОЗОРИ ШАРИФ, 23 май. /“Дунё” АА/. Ҳайратон–Мозори Шариф темирйўл линиясининг бешинчи бекати реконструкциядан сўнг яна қайта фаолият бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Афғонистоннинг “TOLO news” телеканалига таяниб.

Лойиҳанинг умумий қиймати 6,3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳани амалга ошириш доирасида станцияга илк бор тижорий юк поезди етиб келди. Бу минтақанинг транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдами ва ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирди ҳамда маҳаллий ва хорижий сармоядорларни Афғонистон иқтисодиётини ривожлантиришга фаолроқ ҳисса қўшишга чақирди.

Унинг сўзларига кўра, Кобул Тошкент билан икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор бўлиб, икки давлат фуқароларининг ўзаро қатнов режимини соддалаштириш истиқболларини кўриб чиқмоқда.

“Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ташрифлар ўсишда давом этади ва келажакда паспорт ва визалар талаб қилинмайдиган келишувга эришилиши мумкин”, - дея қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.

Афғонистон жамоат ишлари вазири Муҳаммад Исо Сонийнинг маълум қилишича, Ўзбекистон билан ҳамкорликда узунлиги 657 километр бўлган Ҳайратон–Ҳирот темирйўлини қуриш бўйича лойиҳалар давом эттирилмоқда. Шунингдек, узунлиги 878 километрлик Ҳирот–Қандаҳор темирйўли лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ўрганиш ишлари молиялаштирилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ишбилармон доира вакиллари темирйўл инфратузилмасини ривожлантириш савдо ҳажмини ошириш, транспорт харажатлари ва юк етказиб бериш муддатларини қисқартириш ҳамда минтақага сармояларни жалб этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий номидаги халқаро аэропорт яқинида жойлашган станция икки босқичда 50 дан ортиқ вагонни ўтказиш қувватига эга. Лойиҳа доирасида маъмурий биноларни реконструкция қилиш, электр таъминоти ва иситиш тизимларини модернизация қилиш, инфратузилмани янгилаш, марказлаштирилган подстанция қуриш, темир йўлнинг 75 километрлик қисмида видеокузатув ва ёритиш тизимларини ўрнатиш кўзда тутилган.

Балх вилояти маъмурияти маълумотига кўра, қиймати 6,3 миллион долларлик лойиҳа Ўзбекистон ва Афғонистон ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаевнинг таъкидлашича, лойиҳа доирасида Найбобод–Мозори Шариф бекатининг маъмурий бинолари реконструкция қилиниб, замонавий ускуналар ўрнатилган ва янги марказлаштирилган ёрдамчи станция ишга туширилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш