Тошкентда янги меҳмонхона мажмуасининг очилиши Ҳиндистон ишбилармон доираларида ижобий акс-садо берди
Ноябрь 29, 2025. 15:49 • 2 дақ
• 81
ДЕҲЛИ, 29 ноябрь. / “Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг “Business Central Asia” ишбилармонлар журналининг ноябрь ойи сонида Тошкентда халқаро даражадаги янги меҳмонхона мажмуаси очилганига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу мақола Ҳиндистон тадбиркорлар ҳамжамиятининг Ўзбекистондаги инфратузилма ривожига бўлган эътибори кучайиб бораётгани ҳамда мамлакатимиз туризм соҳасига бўлган қизиқиш янада ортаётганини ифода этган.
Мақолада бир нечта муҳим жиҳатларга эътибор қаратилиб, замонавий объектлар бунёд этилиши мамлакатимиз туристик салоҳиятининг изчил ўсишига хизмат қилаётгани қайд этилган.
Муаллиф нашр ўқувчилари эътиборини янги иншоотларнинг асосий хусусиятларига қаратган. Жумладан, 8 гектардан зиёд майдонда жойлашган мажмуа ҳар йили 55 минг нафаргача сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга 12 та уч юлдузли меҳмонхонани ўз ичига олгани маълум қилинган. Бу эса уни туристик оқим ўсишининг янги драйвери сифатида белгилаётгани ҳақида сўз юритилган.
Нашр меҳмонхоналар мажмуасини бошқаришга “Radisson Individuals” ва “Trademark Collection by Wyndham” каби етакчи халқаро операторлар жалб этилгани ҳамда янги лойиҳанинг халқаро меҳмондўстлик стандартларига мос келишини урғулаган.
Йирик тадбирларни ўтказиш учун яратилган имкониятлар, хусусан, қулай конференц-заллар мажмуанинг ишбилармонлик туризмига йўналтирилганлигидан ҳам далолат беради. Бу билан Тошкент халқаро бозорга тақдим этаётган таклифларини янада кенгайтирмоқда, деб таъкидлаган муаллиф.
Ҳиндистонда йилдан-йилга чет элга саёҳат қилувчи туристлар сони барқарор ўсишни намойиш этмоқда. Мамлакат матбуотида чоп этилаётган бундай мазмундаги мақолалар ҳиндистонлик саёҳатчиларда Ўзбекистоннинг замонавий ва жозибадор, ривожланган туристик инфратузилмага эга манзил сифатидаги образини ривожлантирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда