“The Indian Express” газетаси: Ўзбекистон глобал инвестициялар учун янги уфқларни очмоқда
Июнь 17, 2026. 18:30 • 3 дақ
• 37
ДЕҲЛИ, 17 июнь. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг энг кўҳна ва нуфузли кундалик газеталаридан бири бўлган “The Indian Express” нашри V Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2026) очилишига бағишланган таҳлилий мақола чоп этди ва уни Ўзбекистоннинг инвестициявий юксалишини намойиш этувчи муҳим воқеа деб атади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
TIIF-2026 тадбирларини бевосита воқеа жойидан ёритиш учун Тошкентга махсус учиб келган нашр мухбири Ҳарикишан Шарма форумнинг сермазмун дастури ҳақида батафсил сўзлаб берган.
Нашр сешанба куни дастлабки сессиялар ҳамда “Ўзбекистоннинг саноат ва инвестициявий салоҳиятини кашф этинг” кўргазмаси бўлиб ўтгани, Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги расмий очилиш маросими эса чоршанба кунига режалаштирилганини қайд этган.
“The Indian Express” давлатимиз раҳбарининг қатор икки томонлама учрашувларига алоҳида эътибор қаратган. Газета Президент Шавкат Мирзиёевнинг Албания Президенти Байрам Бегай, Тожикистон ва Беларусь Бош вазирлари Қоҳир Расулзода ва Александр Турчин, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев, шунингдек, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов билан ўтказган музокаралари ҳақида сўз юритган.
“Томонлар савдо, инвестициялар, логистика, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди”, дея учрашув якунлари ҳақида фикр юритган нашр мухбири. Мулоқотлар стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилгани таъкидланган.
Ҳиндистон нашри ёзишича, форумнинг асосий инвестициявий урғуси Ўзбекистоннинг иккита флагман лойиҳаси қаратилади. Булар - Президентимизнинг 2026 йил март ойидаги Фармони билан ташкил этилган Тошкент халқаро молия маркази ҳамда қарийб 20 минг гектар майдонда қад ростлаётган, ҳозирнинг ўзидаёқ турли кўламдаги 100 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилаётган Янги Тошкент шаҳридир.
“The Indian Express” Ўзбекистоннинг салмоқли макроиқтисодий динамикасига эътибор қаратиб, 2025 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиши 7,7 фоизни ташкил этгани, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса 2017 йилдаги 4 миллиард доллардан 2025 йилда 42 миллиард долларга етгани, яъни ўн бараварга кўпайганини маълум қилади.
Нашр, шунингдек, форумнинг 2025 йилги ўзига хос рекордларини ҳам ёдга олган. Ўтган йил 97 мамлакатдан 8 000 дан ортиқ иштирокчи йиғилгани ва имзоланган битимларнинг умумий қиймати 30,5 миллиард долларга етганига эътибор қаратган. Муаллифнинг фикрича, бу TIIFнинг Марказий Осиёдаги бош инвестиция майдонча мақомини тасдиқлайди ва навбатдаги, ҳисоб бўйича бешинчи форумдан ҳам катта натижалар кутишга асос бўлади.
“The Indian Express” газетасидаги ушбу мақола Ҳиндистон ишбилармон доиралари учун муҳим сигнал бўлиб, Ўзбекистон ўзини ишончли ҳамкор ҳамда қулай инвестиция муҳитига эга истиқболли бозор сифатида қатъий намойиш этаётганидан далолат беради.
“The Indian Express” 1932 йилда ташкил этилган, инглиз тилида чоп этиладиган Ҳиндистон кундалик газетасидир. У мамлакатнинг кўп миллионли аудиторияга эга ҳамда Жанубий Осиёдаги бизнес ва сиёсий кун тартибини шакллантиришга сезиларли таъсир кўрсатадиган энг нуфузли матбуот нашрлари қаторига киради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси