Амманда Ўзбекистон–Иордания стратегик ҳамкорлигига бағишланган махсус журнал чоп этилди
Ноябрь 25, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 187АММАН, 25 ноябрь. /“Дунё” АА/. Иорданиянинг “Jordan News” нашри томонидан Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги стратегик шерикликка бағишланган 44 саҳифалик махсус журнал чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур нашрда икки давлатнинг сиёсий мулоқотдан амалий иқтисодий ҳамкорликка ўтиш жараёни тизимли тарзда ёритилган. Унда 1993 йилда ўрнатилган дипломатик алоқалар, 2025 йил август ойида Подшоҳ Абдулла IIнинг Самарқандга давлат ташрифи якунлари бўйича имзоланган 15 та икки томонлама ҳужжат, 2026 йил 6 ноябрь куни Остона шаҳрида “Ақаба жараёни” доирасида бўлиб ўтган учрашув, парламент дўстлик гуруҳлари ва ишбилармонлар кенгаши фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган.
Савдо-иқтисодий ва саноат ҳамкорлиги бўлимларида 2021–2025 йилларда ўзаро савдо айланмасининг 8,5 баробар ошгани, 2026 йилда келишилган имтиёзли савдо битими, Иорданияда Ўзбекистон савдо уйини очиш режаси, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 23 та Иордания капитал иштирокидаги компания ва 13 та қўшма лойиҳа портфели тафсилотлари келтирилган.
Нашрда Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги “Invest Uzbekistan” (invest.gov.uz/en) расмий портали мисолида тақдим этилиб, замонавий инфографикалар орқали асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар акс эттирилган.
Бундан ташқари, журналда экологик барқарорлик мақсадлари, ҳудудлар ва тармоқлар кесимидаги сармоя имкониятлари, Янги Тошкент маъмурий маркази ҳамда янги ташкил этилган Тошкент халқаро молия маркази (TIFC) ҳақида маълумотлар берилган.
Журналнинг якуний бўлимларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтилган. Сўнгги саҳифалар Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Қусам ибн Аббос мақбараси жойлашган Шоҳи Зинда мажмуасининг Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги тарихий ва руҳий ришталар рамзи сифатидаги ўрнига бағишланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




