Покистон ОАВ: Ўзбекистон–Покистон ҳамкорлиги барқарор минтақавий кооперация моделига айланиб бормоқда
Январ 30, 2026. 11:26 • 3 дақ
• 92ИСЛОМОБОД, 30 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон–Покистон икки томонлама муносабатларини кенг ёритмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, марказий “Associated Press of Pakistan”, “Daily Islamabad Post”, “Daily Ittehad”, “Daily Spokeman”, “Daily Sub News”, “Sub News English”, “The Gulf Observer”, “The World News”, “Cpec News”, “World News Pakistan”, “MNN News”, “World Tribune Pakistan”, “Daily Independent”, “News Network Pakistan” ва бошқа етакчи нашрларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик истиқболлари бўйича туркум мақолалар эълон қилинди.
Нашрларда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг ҳолати ва истиқболлари қаламга олинган.
“Олий даражадаги муносабатлар икки томонлама сиёсий мулоқотнинг мисли кўрилмаган даражада фаоллашишига хизмат қилмоқда. Асосий иқтисодий вазифа – яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказишни амалий рўёбга чиқаришга қаратилган. Томонлар оддий товар айирбошлаш моделидан, барқарор саноат кооперацияси занжирларини шакллантиришга ўтишни режалаштирмоқда”, – дейилган мақолаларда.
Таъкидланишича, жорий макроиқтисодий кўрсаткичларни таҳлил қилиш икки томонлама ҳамкорликнинг барқарор ижобий динамикасини кўрсатмоқда. 2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 404 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўсиш тенденцияси 2025 йилда нафақат сақланиб қолди, балки янада кучайди: январь–ноябрь ойлари давомида ўзаро савдо ҳажми 434,4 миллион долларга етди, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,9 фоизга кўпдир.
Маълум қилинганидек, ўрта муддатли давр учун стратегик мақсад сифатида 2 миллиард долларлик режали кўрсаткич тасдиқланди. Бир неча баробар ўсишга эришиш учун, дипломатик идоралар ва соҳавий вазирликлар позициясига кўра, савдо баланси тузилмасини сифат жиҳатдан қайта кўриб чиқиш зарур.
Товар айланмасини бир неча баробар ошириш бўйича шижоатли режаларни амалий рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлари савдо учун қулай ҳуқуқий ва техник режим яратишга таянади. Ҳажмларни ошириш учун асос бўлиб 2022 йил март ойида имзоланган Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим (Preferential Trade Agreement — PTA) хизмат қилмоқда.
Айни пайтда томонлар имтиёзли божхона режимига тушадиган товарлар номенклатурасини сезиларли даражада кенгайтириш ниятида: ҳозирги 17 та позициядан 100 та номгача ошириш режалаштирилмоқда.
“Ўзбекистон–Покистон муносабатларининг иқтисодий кун тартиби хомашё савдосидан ташқарига чиқиб, саноат кооперацияси ва қўшилган қиймат занжирларини яратишга қаратилган. Бу жараённинг флагмани сифатида тўқимачилик соҳаси намоён бўлмоқда. Пахта толасини чуқур қайта ишлаш стратегиясини амалга ошираётган Ўзбекистон соҳага қувватларни модернизация қилиш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун 2 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб этишдек шижоатли мақсад қўйган”, – дейилган материалларда.
Мақолалар “Ўзбекистон–Покистон ҳамкорлиги иқтисодий манфаатлар ривожланган инфратузилма ва икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси билан мустаҳкамланган барқарор минтақавий кооперация моделига айланиб бормоқда”, – деган сўзлар билан якунланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



