Сингапурдаги машҳур журналнинг махсус сони Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланди
Август 02, 2024. 07:51 • 2 дақ
• 125
СИНГАПУР, 2 август. /"Дунё" АА/. Сингапурнинг оммабоп "Asian Geographic Magazines" журналининг бош муҳаррири ва "ADEX" маҳаллий дайвинг маркази раҳбари Кьяу Тетнинг Ўзбекистонга қилган ижодий сафарига бағишланган махсус сони чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Қайд этилишича, Ўзбекистонга саёҳат Кьяу Тет учун ҳақиқий кашфиёт бўлиб, бу қадимий заминнинг ноёб мероси билан яқиндан танишиш имконини берган. Самарқанднинг маҳобатли минораларидан тортиб, Бухоронинг сокин кўчаларигача, Тошкентнинг ранг-баранг бозорларидан тортиб Қизилқумнинг сирли саҳроларигача – у ташриф буюрган ҳар бир гўша ўзининг бетакрор муҳити ва салобатидан лол қолганини таъкидлаган.
Сафардан қайтгач, сингапурлик саёҳатчи-журналист ўзи раҳбарлик қилаётган журнал ўқувчилари билан Ўзбекистонга унутилмас саёҳати таассуротлари билан ўртоқлашишга қарор қилди.
1999 йилда ташкил этилганидан бери "Asian Geographic Magazines" журнали ўзининг таҳлилий мақолалари, қизиқарли фоторепортажлари ва юқори сифатли дизайни билан муштарийлар эътиборини қозониб келмоқда. Икки ойда бир марта нашр этиладиган журнал 44 мамлакатда 300 мингдан ортиқ ўқувчига эга.
Журнал кўпинча Осиё ҳақидаги турли, баъзан жуда кам ўрганилган мавзуларга бағишланган материалларни эълон қилади. Бу эса ўқувчиларга қитъа ҳақида тўлиқроқ тушунчага эга бўлиш имконини беради. Нашр минтақадаги муҳим масалаларга эътиборни қаратиш мақсадида нафақат долзарб воқеа ва муаммоларни ёритиб боради, балки унинг тарихи ва маданияти ҳам кенг тарғиб қилади.
Шундай қилиб, Кьяу Тетнинг Ўзбекистонга сафари асосида тайёрланган мақолалар журнал ўқувчиларининг мамлакатимиз, унинг ажойиб маданий ва табиий мероси ҳақидаги билимларини бойитишга хизмат қилди. Муаллиф таъкидлаганидек, Ўзбекистонга саёҳат нафақат унинг шахсий тажрибасини бойитди, балки журнал миссияси – Осиёнинг бой ранг-баранглигини намойиш этиш ва унинг ўзига хос жиҳатларига эътиборни қаратишга қўшилган муҳим ҳисса бўлди.
"Ўзбекистон ўзининг маҳобатли меъморий обидалари, гўзал манзаралари, меҳмондўст халқи билан муштарийларда унутилмас таассурот қолдирди", – дея қайд этган "Asian Geographic Magazines" бош муҳаррири.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида