Қашқадарёда ёши 2300 йилгача бўлган қадимги оташгоҳ ва оссуарий топилди

Сентябрь 21, 2026. 10:00 • 2 дақ

132
Қашқадарёда ёши 2300 йилгача бўлган қадимги оташгоҳ ва оссуарий топилди

МАДРИД, 21 сентябрь. /“Дунё” АА/. Археологлар Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Одирмон ёдгорлигида милоддан аввалги III асрдан милодий III асргача бўлган даврга оид оташгоҳ ва оссуарийни аниқладилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Испаниянинг “La Brújula Verde” рақамли журналига таяниб.

Ёдгорликда мунтазам тадқиқотлар жорий йилда Самарқанд Археология институти илмий ходими Санжар Абдураҳимов раҳбарлигида бошланди. Мажмуанинг шимоли-шарқий қисмида баландлиги қарийб 70 сантиметр ва кенглиги 90 сантиметр бўлган, бир неча қават лой сувоқ қолдиқлари бўлган оташгоҳ топилди.

Унинг ёнида оссуарий — инсон суякларини сақлашга мўлжалланган сопол идиш ҳам топилган. Унинг юзаси кийик ва арча — Туркистон арчаси тасвирлари билан безатилган бўлиб, нақшларнинг аниқ маъносини мутахассислар қайта тиклаш ишларидан сўнг белгилайдилар.

Шунингдек ўқинг

Оташгоҳ ва оссуарийнинг биргаликда топилиши зардуштийлик анъаналари билан боғлиқ дафн маросимларидан далолат бериши мумкин. Ушбу эътиқодга кўра, марҳумларнинг жасадлари кўмилмаган ва куйдирилмаган, суяклар тозалангач, махсус идишларга жойлаштирилган.

Агар Одирмон ёдгорлигининг даври тасдиқланса, ушбу топилма Сўғд ва Хоразмда безакли оссуарийлар кенг тарқалишидан бир неча аср олдинги дафн маросимларини қайд этиш имконини беради.

Археологлар Одирмоннинг вазифаси ва мажмуанинг тарихий мақомини аниқлашга ёрдам берадиган қазиш ишларини давом эттирмоқдалар. Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ушбу топилмалар минтақанинг қадимги аҳолиси диний эътиқодлари ва дафн урф-одатларини ўрганишда қимматли манба ҳисобланишини қайд этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш