Жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши туфайли 300 миллионгача одам мажбурий кўчирилиши мумкин

Сентябрь 22, 2026. 17:00 • 3 дақ

80
Жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши туфайли 300 миллионгача одам мажбурий кўчирилиши мумкин
“Euronews” сурати

НЬЮ-ЙОРК, 22 сентябрь. /“Дунё” АА/. Жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши аср охирига келиб 150 миллиондан 300 миллионгача одамни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилиши, яна 500 миллионга яқин одам эса чучук сув ва қишлоқ хўжалиги ерларидан маҳрум бўлиши мумкин, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу ҳақда БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарининг иқлим масалалари бўйича махсус маслаҳатчиси Эндрю Харпер “БМТ янгиликлари”га берган интервьюсида маълум қилди.

Маслаҳатчининг сўзларига кўра, денгиз сатҳи аллақачон кўтарилмоқда. Баъзи Тинч океани давлатларида глобал чиқиндиларга қўшган ҳиссаси минимал бўлса-да, бу суръат жаҳон ўртача кўрсаткичидан икки бараварга ўсмоқда.

Масалан, Бангладешда денгизнинг кўтарилиши тупроқ ва чучук сув манбаларининг шўрланишига олиб келади. Бу қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солади. Мослашиш имкониятлари кўп жиҳатдан ресурсларга боғлиқ бўлиб, айрим аҳоли ерни мустаҳкамлаши ва уйларини қозиқлар ёрдамида кўтариши мумкин. Бошқалари эса маблаққа эга эмас ва кетишга мажбур.

“Одамлар мослашишга ҳаракат қилишади... Аммо бунинг учун маблағи бўлмаганлар кетишга мажбур бўлади”, – дейди эксперт.

Ҳудудларни ҳимоя қилиш учун ўрмонларни тиклаш, қирғоқларни мустаҳкамлаш, дренаж тизимларини яратиш, олдиндан огоҳлантириш тизимини ривожлантириш ва сув тошқини хавфи остида бўлган ҳудудларга бошқа одамларнинг кўчиб ўтишига йўл қўймаслик таклиф этилмоқда.

Бироқ, аҳоли кўчишининг бутунлай олдини олиш мумкин эмас. Унинг кўламини аниқ белгилаш қийин, чунки одамларнинг кетиш қарорига бир вақтнинг ўзида сув тошқинлари, тупроқнинг шўрланиши, ҳосилнинг йўқолиши, иқтисодий ва ижтимоий муаммолар таъсир қилади.

Шу сабабли, одамларга хавфсиз ҳудудларга кўчиб ўтишда ёрдам бериш, ишлаш ҳамда ўзини таъминлаш имкониятини сақлаб қолиш учун кўчиришни олдиндан режалаштириш керак.

Айрим механизмлар аллақачон яратилмоқда. Австралия ва Тувалу ўртасидаги келишув доирасида Австралия ҳар йили 280 нафаргача Тувалу фуқароларига доимий виза олиш, мамлакатда яшаш, ишлаш ва ўқиш имкониятини беради.

Шарқий Африкада минтақавий протокол табиий офатлар ва иқлим ўзгариши оқибатлари туфайли чегараларни кесиб ўтаётган одамларни киритиш ҳамда вақтинча қолишини назарда тутади.

“Иқлим ўзгариши ёки денгиз сатҳининг кўтарилиши контекстида кўчиш бўйича махсус халқаро конвенция мавжуд эмас. Эҳтимол, ҳеч қачон бўлмайди ҳам. Чунки бунинг учун халқаро ҳамжамият ягона фикрга келиши керак бўлади” – дейди БМТ вакили.

Ҳудудлари яшаш учун яроқсиз бўлиб қолиши мумкин бўлган давлатлар ўз суверенитети, халқаро-ҳуқуқий мақоми ва денгиз зоналарига бўлган ҳуқуқларини сақлаб қолиши керак, деган ёндашув мавжуд. Бу уларнинг фуқароларига ўз мамлакати билан ҳуқуқий алоқани сақлаб қолиш имконини беради.

Орол жамоалари учун бу масала маданий аҳамиятга ҳам эга. Чунки она ер тарих, анъаналар ва аждодлар билан боғлиқ. Шунинг учун кўчиш тўғрисидаги қарорлар аҳолининг бевосита иштирокида қабул қилиниши керак.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш