Ўзбекистон мутахассислари Испанияда ўрмонларни барқарор бошқариш тажрибасини ўрганади

Июнь 11, 2026. 15:30 • 3 дақ

43
Ўзбекистон мутахассислари Испанияда ўрмонларни барқарор бошқариш тажрибасини ўрганади

МАДРИД, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Испаниянинг “Cadena SER” ахборот порталида Паленсия намунали ўрмонининг халқаро даражаси ва унинг Ўзбекистон учун аҳамиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, шу йилнинг 15–17 июнь кунлари Паленсия намунали ўрмони Ўзбекистон ва Туркиядан келадиган 14 нафар ўрмон хўжалиги соҳаси мутахассисларини қабул қилади.

Ташриф БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилади ҳамда Глобал экологик жамғарма томонидан молиялаштирилади. Ушбу сафар “Ўзбекистоннинг тоғ ва водийларида ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда ўрмон ресурсларини бошқаришнинг замонавий ва самарали усулларини жорий этиш, соҳада халқаро тажрибани ўрганиш ва уни миллий амалиётга татбиқ этишдан иборат.

Нашрда таъкидланишича, Паленсия намунали ўрмони барқарор ўрмон бошқаруви соҳасидаги илғор тажрибалари билан халқаро миқёсда тан олинган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, ўрмон ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш жараёнига давлат идоралари, маҳаллий ҳокимиятлар, ўрмон ери эгалари, илмий муассасалар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари кенг жалб қилинган. Айнан шу кўп томонлама бошқарув модели ҳудудни халқаро даражада намунавий лойиҳа сифатида эътироф этилишига замин яратган.

Шунингдек ўқинг

Делегация таркибидан Ўзбекистон Ўрмон агентлигининг раҳбар ва масъул ходимлари, ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси мутахассислари, Бош прокуратуранинг экология ва ўрмон хўжалиги соҳаси бўйича вакиллари ҳамда Туркиянинг халқаро консалтинг ташкилотлари экспертлари ўрин олган.

Ташриф давомида иштирокчилар ўрмонларни барқарор бошқариш бўйича амалий жараёнлар билан бевосита танишади, соҳада қўлланилаётган инновацион ёндашувларни ўрганади ва икки мамлакат мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш имкониятлари яратилади. Шунингдек, Ўзбекистон шароитида самарали қўллаш мумкин бўлган механизмлар ва ҳамкорлик йўналишларини белгилаш бўйича қатор ишчи учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда Халқаро намунали ўрмонлар тармоғи дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидаги 60 дан зиёд намунали ўрмонларни бирлаштириб, 70 миллион гектардан ортиқ ҳудудни қамраб олган. Паленсиянинг ушбу тармоқ таркибига киритилиши унинг барқарор бошқарув модели, манфаатдор томонлар иштирокини таъминлаш борасидаги тажрибаси ва қишлоқ ҳудудларини комплекс ривожлантиришга қаратилган ёндашуви халқаро даражада эътироф этилганини англатади.

Ўзбекистон–Туркия делегациясининг мазкур ташрифи мамлакатимиз учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки иқлим ўзгариши, чўлланиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этаётган бир пайтда, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва уни миллий шароитга мослаштириш ўрмон хўжалиги соҳасини янада самарали ривожлантиришга хизмат қилади.

Шу маънода, Паленсия намунали ўрмонига амалга оширилаётган ташриф нафақат тажриба алмашиш, балки Ўзбекистон ва халқаро ҳамкорлар ўртасида барқарор ўрмон бошқаруви соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни шакллантириш ва экологик барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида аҳамият касб этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш