Тожикистон ОАВ: Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати барча нарсадан устун
Июль 15, 2024. 19:15 • 2 дақ
• 148
ДУШАНБЕ, 15 июль. /"Дунё" АА/. Тожикистоннинг "Avesta" ахборот агентлиги сайтида "Янги Ўзбекистонда инсон қадр-қиммати ва халқ манфаатлари – олий қадрият" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда қайд этилишича, инсоният мураккаб даврни бошдан кечираётган, қарама-қаршилик ва можаролар кучайиб, барқарорликка жиддий путур етаётган шароитда, кўп миллатли Янги Ўзбекистонда инсон қадр-қиммати ва халқ манфаатлари – олий қадрият сифатида эътироф этилиб, бу борада кўплаб дунё мамлакатларига намуна бўлиб келмоқда.
"Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистон тарихида илк бор умумхалқ хоҳиш-иродаси асосида қабул қилинган халқ Конституцияси мамлакатнинг келгуси тақдири ва бахтли келажаги пойдеворини яратишда дастуруламал бўлиб, мазкур Конституция лойиҳасини тайёрлашда аҳолининг турли қатламларидан 220 000 дан ортиқ таклифлар келиб тушган. Бу ҳам аҳолининг давлат бошқаруви ва тақдирига бефарқ эмаслигининг намунасидир", – деб қайд этган муаллиф.
Таъкидланганидек, 2023 йил 11 сентябрда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва кенг жамоатчиликнинг муҳокамалари асосида "Ўзбекистон – 2030" стратегияси қабул қилиниб, келгуси 7 йилда эришилиши шарт бўлган стратегик мақсадлар белгиланди. 100 банддан иборат стратегиянинг аҳамияти шундаки, мазкур ҳужжатда барча соҳалардаги эришилиши кўзда тутилаётган аниқ мақсад ва марралар белгиланиб, ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
"Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон аталмиш катта карвон тизимли ислоҳотлар, машаққатли меҳнат ва бунёдкор халқ иродаси билан барқарор тараққиёт сари дадил одимлаб бормоқда", – деб ёзган "Avesta" АА.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси