Польша ОАВ: Самарқанд форуми Польша–Ўзбекистон академик ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқди
Апрель 20, 2026. 15:30 • 3 дақ
• 123ВАРШАВА, 20 апрель. /“Дунё” АА/. Польшанинг қатор етакчи оммавий ахборот воситаларида Самарқанддаги Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган муҳим учрашувлар ва ректорлар форуми ҳақида туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда икки давлат ўртасидаги академик алоқаларнинг янги босқичга чиққани, меморандумлар имзолангани ҳамда стратегик ҳамкорликнинг келажак йўналишлари атрофлича ёритилган.
Хусусан, “Gov.pl” давлат интернет порталида чоп этилган мақолада Самарқанд шаҳрида ўтказилган учинчи ректорлари форум Польша–Ўзбекистон мулоқоти икки мамлакат университетлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим босқич экани таъкидланган.
Материалда қайд этилишича, форум доирасида икки томонлама учрашувлар, панель муҳокамалари ва янги ҳамкорлик йўналишлари бўйича музокаралар ўтказилган. Польша таълим ва фан вазири Марцин Кулясек бу ҳамкорликни Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган стратегик йўналиш сифатида баҳолаган.
“Radiomaryja” нашри эса Самарқандда имзоланган меморандумнинг мазмунига алоҳида эътибор қаратган. Унга кўра, ҳужжат талаба алмашинуви, қўшма тадқиқот марказлари ташкил этиш, академик консорциумлар яратиш ҳамда университетлар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни кучайтиришни назарда тутади.
Шунингдек, Польша томони NAWA (Миллий академик алмашинув агентлиги) билан ҳамкорликда “стратегик давлатлар” дастурини ишга туширишни режалаштираётгани қайд этилган бўлиб, унга Туркия, Вьетнам, Жанубий Корея ва Ўзбекистон киритилган.
“Nauka w polsce” порталида эса Польша ва Ўзбекистон ўртасидаги академик ҳамкорликнинг сўнгги йилларда изчил ривожланаётгани, Польшада таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони ортиб бораётгани ҳақида маълумот берилган. Расмий статистикаларга кўра, сўнгги йилларда уларнинг сони 280 нафардан икки минг нафаргача кўпайган. Бу Ўзбекистонни Польшадаги хорижий талабалар орасида энг йирик ўнликка киритган.
“Pulshr” нашрида мазкур ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятига эътибор қаратилган. Унда профессор Богумила Каневска Ўзбекистонни демографик жиҳатдан ёш ва жадал ривожланаётган давлат сифатида таърифлаб, уни Польша университетлари учун муҳим ҳамкор деб атаган. Шу билан бирга, у визалар ва рухсатномалар бериш жараёнларини соддалаштириш талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини янада самарали қилишини таъкидлаган.
Барча нашрларда умумий хулоса сифатида шу жиҳат алоҳида қайд этилганки, Самарқандда бўлиб ўтган форум ва имзоланган меморандум Польша ва Ўзбекистон ўртасидаги академик муносабатларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу ҳамкорлик нафақат икки давлат университетлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди, балки Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги илмий-маърифий интеграцияни ҳам кучайтиради.
Самарқандда ташкил этилган ректорлар форуми доирасида имзоланган келишувлар икки давлатнинг таълим соҳасидаги стратегик яқинлашуви учун муҳим платформа вазифасини ўтамоқда. Бу жараён келгусида қўшма илмий лойиҳалар, талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви ҳамда инновацион тадқиқотлар учун янги имкониятлар яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


