Logo

“Russia News”: Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш маҳалла натижаларига боғлиқ қилиб қўйилди

Февраль 10, 2026. 14:11 • 3 дақ

556
“Russia News”: Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш маҳалла натижаларига боғлиқ қилиб қўйилди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Russia News” сайтида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Хуршид Асадовнинг Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳақида ёзган мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган.

Йиғилишда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари алоҳида муҳокама қилинган.

“Ислоҳотлар натижалари ижтимоий сиёсатнинг кейинги босқичига ўтганини кўрсатмоқда. Илк бор камбағалликка қарши курашиш бевосита маҳалла даражасидаги натижаларга боғлиқ қилиб қўйилди. Ишончли иқтисодий ўсиш ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, камбағалликка қарши курашиш ва маҳаллаларни ривожлантиришга изчил йўналтирилган бюджет тушумларининг сезиларли даражада ошишини таъминлади”, дея ёзилган мақолада.

Манбада айтилишича, 2025 йилда 5 миллион 400 минг аҳоли даромад манбаи билан таъминланган. 330 минг оила камбағалликдан чиқарилган. Натижада, ишсизлик даражаси 4,8 фоизга, камбағаллик даражаси эса 5,8 фоизга камайган.

Камбағалликнинг умумий кўрсаткичлари пасайиши билан унинг географияси ўзгаради. Кам таъминланган оилаларнинг қарийб учдан бир қисми ва ишсизларнинг бешдан бир қисми чекланган миқдордаги маҳаллаларда тўплангани янги моделга ўтишни тақозо этмоқда.

Бу борада ҳар бир маҳалла даражасида эришилган натижа асосий индикаторга айланмоқда. Камбағаллик ёки ишсизликнинг сақланиб қолиши чора-тадбирларни қўшимча созлаш зарурлигини англатади.

Шу боис илк бор мамлакатдаги барча ҳудудлар камбағаллик даражаси бўйича миллий даражада тизимли таснифланди. 20 та мезон бўйича 37 та “мураккаб” туман ва 903 та “мураккаб” маҳалла аниқланиб, уларда 120 мингга яқин камбағал оилалар ва 155 мингга яқин ишсиз фуқаролар истиқомат қилади. Шу билан бирга, яна 33 та туман ва 330 та “мураккаб” маҳаллада “Янги Ўзбекистон” қиёфасини яратиш ишлари бошланди.

Янги ёндашувнинг ўзига хос хусусияти шундаки, “оғир” ҳудудлар таркибий трансформация нуқталари сифатида қаралади. Ҳар бир маҳалла ва туман учун иқтисодий, аграр, саноат, логистика ёки хизмат кўрсатиш бўйича қиёсий афзалликлар таҳлил қилинади.

Маҳаллаларни ривожлантириш бўйича индивидуал дастурлар шакллантирилмоқда. Амалиёт шуни кўрсатадики, ҳатто энг заиф ҳудудларда ҳам сув ва электр энергияси, минимал инфратузилма ва бозорлар билан кооперацияни барқарор таъминлаш аҳоли даромадларини каррасига оширишга қодир.

Шундай қилиб, жорий йилда ҳудудларни манзилли ривожлантириш белгиланган мақсадларга эришишнинг асосий воситасига айланаётгани Президент томонидан аниқ белгилаб берилди.

2026 йилга мўлжалланган қарорлар ва воситалар Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсати ресурсларни анъанавий қайта тақсимлаш доирасидан чиқиб, бошқариладиган ҳудудий ривожланиш моделига ўтишини кўрсатмоқда. Янги модель учта ўзаро боғлиқ йўналишга таянади.

Биринчиси, узоқ муддатли маҳаллий активларни шакллантириш, уй хўжаликлари харажатларини камайтириш ва энергия барқарорлигини ошириш орқали инфратузилма ресурсларини “оғир” ҳудудлар ва маҳаллаларда жамлаш.

Иккинчиси, молиявий рағбатлантириш, кредит олиш ва қўшилган қиймат занжирлари бўйлаб ечимлар билан таъминланган ҳудудларнинг қиёсий устунликлари ва ихтисослашувини чуқурлаштириш ҳисобига бандликни кенгайтириш.

Учинчидан, бошқарувни институционал қайта созлаш, бунда лойиҳавий ёндашув ва даражалараро мувофиқлаштириш ресурслар, масъулият ва ўлчанадиган натижани боғлайди.

Ҳозирги босқичнинг бурилиши шундаки, манзиллилик “оғир” ҳудудларга йўналтирилган технологияга айланмоқда. Камбағалликдан чиқиш маҳаллий шароитлар, кўникмалар ва инфратузилма ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган уй хўжалигининг индивидуал йўналиши сифатида тушунилади. “Маҳалла еттилиги” ва ҳоким ёрдамчилари институти боғловчи бўғин вазифасини бажариб, натижага эришгунга қадар мувофиқлаштириш ва қайта алоқани таъминлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш