Logo

Саид Элбанна: Марказий Осиё мамлакатлари рақобатдан ҳамкорликка ўтмоқда

Ноябрь 18, 2025. 15:54 • 3 дақ

42
Саид Элбанна: Марказий Осиё мамлакатлари рақобатдан ҳамкорликка ўтмоқда

ДОҲА, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. Қатар университетининг Тадбиркорлик ва ташкилий маҳорат маркази директори Саид Элбанна "Дунё" АА учун интервьюсида Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ҳақида фикр билдирди:

– Марказий Осиёда рўй бераётган ўзгаришларни кузатар эканман, минтақа ўзига хос тарихий босқични бошдан кечираётгани аён бўлади. Марказий Осиё бугунги кунда ўзининг прагматик, реал натижага йўналтирилган ва халқаро ҳамкорлик учун очиқ бўлган интеграция моделини шакллантирмоқда. Ва бу жараёнларнинг асосий катализатори, шубҳасиз, Ўзбекистон ҳисобланади. Айнан Президент Шавкат Мирзиёевнинг етакчилиги минтақавий муносабатларга янги суръат бағишлади, ишонч, сиёсий очиқлик ва келажак учун умумий масъулият асосларини яратди.

Бугун биз кўриб турган иқтисодий трансформация халқаро экспертлар нуқтаи назаридан ҳам ҳайратланарли. Ялпи ички маҳсулотнинг тобора ўсиши, ўзаро савдонинг икки баробар кўпайиши, қўшма инвестицияларнинг жадал ўсиши – буларнинг барчаси тасодифий жараёнлар эмас, балки интеграция сари мақсадли ҳаракат натижасидир. Ўзбекистон очиқ иқтисодий муҳитни шакллантириш, тадбиркорлик ва хорижий капитал оқими учун қулай шароитлар яратиш орқали ушбу динамиканинг энг муҳим драйверларидан бирига айланди.

Шунингдек ўқинг

Минтақа мамлакатлари рақобатдан ҳамкорликка ўта олгани, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Қўшма энергетика ва саноат лойиҳалари – Қамбарота ГЭС-1 дан тортиб Зарафшондаги янги ГЭСларгача Марказий Осиё иқтисодий имкониятлар ягона маконига айланиб бораётганининг ёрқин тасдиғидир. Бир пайтлар кескинлик манбаи бўлган сув дипломатияси бугунги кунда прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик намунасига айланмоқда. Барқарор технологиялар ва "яшил" энергетикани ривожлантиришга катта эътибор қаратаётган Қатар учун бу ҳамкорликнинг кенг уфқларини очади.

Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантиришни ҳам бундан кам бўлмаган муҳим йўналиш, деб биламан. Трансафғон темир йўли каби лойиҳалар Евроосиё иқтисодий харитасини ўзгартириб, савдо ва инвестициялар учун янги имкониятлар очиши мумкин. Ўзбекистон логистика инфратузилмасини ва минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликни фаол ривожлантириб, бу борада муҳим роль ўйнамоқда. Қатар бизнеси учун бундай ташаббуслар ҳам логистика, ҳам инфратузилмани молиялаштириш соҳасида катта қизиқиш уйғотади.

Бугунги кунда Марказий Осиё инвесторлар, тадқиқотчилар ва бизнес учун янги жозибадор марказга айланди. Бунга кўп жиҳатдан Ўзбекистон олиб бораётган очиқлик ва конструктив ҳамкорлик сиёсати туфайли эришилди. Ишончим комилки, Марказий Осиё ўз салоҳиятини эндигина намоён этмоқда. Бугун яратилаётган пойдеворлар мустаҳкам иқтисодий ўсиш, барқарор ўзаро алоқалар ва миллионлаб одамлар учун янги имкониятлар дебочаси бўлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш