“Seoul City”: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Февраль 20, 2026. 17:22 • 2 дақ
• 92
СЕУЛ, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи “Seoul City” газетасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалга оширган ташрифига бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тайёрланган инфографика асосида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларнинг сўнгги 9 йилдаги динамикаси батафсил ёритилган.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги олий даражадаги мулоқотлар изчил тус олган. Хусусан, 2018 йилги тарихий ташрифдан сўнг 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида икки давлат раҳбарларининг учрашуви амалий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим бурилиш ясади.
Иқтисодий кўрсаткичларга кўра, 2017–2025 йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,7 бараварга ошиб, 1 миллиард долларга етди. Экспорт таркибида хизматлар (дастурлаш, молиявий ва транспорт хизматлари) 81 фоиз билан етакчилик қилмоқда. Импорт таркибида эса машина ва ускуналар (самолётлар, автомобиллар, компьютер тизимлари) 59 фоизни ташкил этиб, Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилишда АҚШ технологияларининг ўрни ортиб бораётганини кўрсатади.
Инвестициявий ҳамкорлик соҳасида ҳам мисли кўрилмаган ўсиш кузатилмоқда. Ўтган 9 йил ичида АҚШдан жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 64 бараварга ортиб, 2025 йилда 383,2 миллион долларни ташкил этди. Умумий ҳисобда Ўзбекистон иқтисодиётига 2,9 миллиард доллардан ортиқ Америка капитали йўналтирилган. Бугунги кунда мамлакатимизда АҚШ сармояси иштирокидаги 346 та корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Материал хулосасига кўра, Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгашидаги иштироки ва Вашингтон билан иқтисодий интеграцияси мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
