"Симин Хенджон Синмун": Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бормоқда

Август 05, 2026. 15:30 • 2 дақ

67
"Симин Хенджон Синмун": Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бормоқда

СЕУЛ, 5 август. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг "Симин Хенджон Синмун" (“Citizenadmnews”) нашрида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ривожланишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада маданият халқларни яқинлаштириш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва давлатлар ўртасида ишонч муҳитини шакллантиришнинг энг самарали воситаларидан бири экани таъкидланган. Қайд этилишича, айнан маданий алмашинув орқали ҳар бир халқнинг бой тарихи, маънавий қадриятлари ва ижодий салоҳияти намоён бўлади.

Нашрда Ўзбекистоннинг очиқ ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатнинг халқаро маданий алоқалари изчил ривожланаётгани алоҳида қайд этилган. Шунингдек, маданий дипломатия республиканинг ташқи сиёсатдаги устувор йўналишларидан бири сифатида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланган.

Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданият, таълим, илм-фан ҳамда тарихий-маданий меросни асраш соҳаларидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, Тошкентда америкалик дирижёрлар, мусиқачилар ва профессорлар иштирокида концертлар ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилди. Шу билан бирга, икки мамлакат таълим муассасалари ўртасида академик алмашинувлар йўлга қўйилди.

Шунингдек ўқинг

Материалда таълим соҳасидаги қўшма лойиҳаларнинг аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мисол сифатида Мичиган давлат университети мусиқа коллежи профессорлари томонидан Ўзбекистон давлат консерваториясида ўтказилган маҳорат дарслари, Р.Глиэр номидаги ихтисослаштирилган мусиқа мактаби билан Миннесота штатидаги “Bemidji State University” ўртасидаги ҳамкорлик келтирилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий ҳамкорлик алоҳида фестиваллар ва концертлар доирасидан чиқиб, таълим, реставрация, халқ амалий санъати, миллий рақс, мақом санъати ҳамда креатив индустрияларни ривожлантириш каби йўналишларни ҳам қамраб олди.

Нашрда таъкидланишича, бугунги кунда маданият нафақат маънавий бойлик, балки иқтисодий тараққиётнинг ҳам муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Кино, мусиқа, туризм, ҳунармандчилик ва халқаро маданий лойиҳалар мамлакатлар ҳамда халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратаётгани қайд этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш