Қозоғистон ОАВ: 2024 йилда Ўзбекистонда Давлат бюджети харажатларининг 50 фоиздан ортиғи ижтимоий соҳага йўналтирилади
Февраль 24, 2024. 08:47 • 2 дақ
• 128
ОСТОНА, 24 февраль. /«Дунё» АА/. Қозоғистоннинг оммабоп «Инфозакон» электрон нашрида «2024 йилда Ўзбекистонда Давлат бюджети харажатларининг 50 фоиздан ортиғи ижтимоий сиёсатга йўналтирилади» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш доимо биринчи ўринда туради. Чунки, меҳр-оқибат ва ўзаро ёрдам каби қадриятлар ўзбек халқи маданияти ва анъаналарининг ажралмас қисми ҳисобланади», — дейилади мақолада.
Ўтган даврда Ўзбекистонда ижтимоий соҳада самарали ташкилий-ҳуқуқий база яратилиб, аҳолини манзилли қўллаб-қувватлашга кўпроқ эътибор қаратилди. Бу борадаги амалдаги қонунчилик 1,6 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат.
«2017 йилда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши натижасида ислоҳотлар (шу жумладан, ижтимоий соҳада) янги суръат олди, — деб ёзган муаллиф. —Уни амалга ошириш доирасида соғлиқни сақлаш, таълим тизими, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашда салмоқли ижобий натижаларга эришилди».
Қайд этилишича, юқоридаги стратегияни амалга ошириш доирасида халқ таълими муассасаларининг моддий-техник базаси ҳам мустаҳкамланди. Фаол ислоҳотларнинг дастлабки беш йилида олий таълим муассасалари сони икки баравар кўпайди.
Материалда таъкидланганидек, одил ижтимоий сиёсатни амалга ошириш ва инсон капиталини ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирларни назарда тутувчи 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг қабул қилиниши ўзгаришларнинг мантиқий давоми бўлди.
2022 йил июль ойида давлат раҳбарининг фармони билан 2030 йилгача бўлган даврда устувор йўналишлар ва комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилган Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси қабул қилинди. Эътиборлиси, мазкур ҳужжат ХМТ, Жаҳон банки ва БМТ Болалар жамғармаси тавсиялари асосида ишлаб чиқилган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида биргина сўнгги уч йилда нафақа олувчи кам таъминланган оилалар сони 4 баробарга ошиб, 1,9 миллион нафарга етди. Кам таъминланган оилалар фарзандларига бола парвариши бўйича нафақалар қамрови кенгайтирилди. Нафақа тайинлашда ҳисобга олинадиган болаларнинг ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди. Унинг ҳажми ўртача 1,5 баробарга ошди, тўлов муддати эса 6 ойдан 12 ойга узайтирилди. Энг кам ишсизлик нафақаси 3,2 баравар оширилди.
«Ўзбекистон 2030» стратегияси асосий устувор йўналишлар, жумладан, фуқароларнинг юқори турмуш сифатини таъминлаш ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлашни назарда тутувчи яна бир муҳим ҳужжатдир. Стратегия БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибига мос келади ҳамда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсад ва вазифаларини қамраб олади», — деб ёзган «Инфозакон».
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида