“Diplomacy Journal”: Ўзбекистон ва Ўмон сиёсий ишончни инвестиция ва логистика соҳасидаги натижаларга айлантиришга интилмоқда
Ноябрь 17, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 147
СЕУЛ, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг “Diplomacy Journal” нашрида “Барқарор тараққиёт маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаевнинг “Ўзбекистон ва Ўмон сиёсий ишончни инвестиция ва логистика соҳасидаги натижаларга айлантиришга интилмоқда” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 22 апрелда ўрнатилгани, “UzOman” инвестиция компанияси капиталининг 75 фоизи Ўмон инвестиция бошқармасига, 25 фоизи эса Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли эканини таъкидлайди.
Ўзбекистонда Ўмон капитали иштирокидаги ўнта корхона фаолият юритмоқда, қиймати 3,2 миллиард долларлик яна 20 га яқин қўшма лойиҳа ишлаб чиқиш босқичида. Муаллиф бу рақам аллақачон киритилган маблағларни эмас, балки истиқболли лойиҳалар портфелини англатишини қайд этади.
Логистика масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 2026 йил июнь ойида “Asyad Group” компанияси Ўзбекистон темир йўл контейнер ташишларининг қарийб 25 фоизи тўғри келадиган “Universal Logistics Services” ва “Highway Logistics Center” корхоналарининг назорат пакетларини сотиб олди. Дукм, Сохар ва Салала портлари Ўзбекистон учун ташқи бозорларга чиқишда қўшимча дарвоза бўлиши мумкин, бироқ уларнинг рақобатбардошлиги транзит шартлари, тарифлар ва етказиб бериш муддатларига боғлиқ.
Мақолада, шунингдек, 10 ноябрь куни Маскат шаҳрида экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш, ўзбек маҳсулотлари учун савдо ва логистика марказларини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилгани, шунингдек, 16–17 ноябрь кунлари бизнес-форум ва “Made in Uzbekistan” кўргазмаси бўлиб ўтгани хабар қилинган. Муаллиф устувор лойиҳаларнинг умумий рўйхатини юритиш, логистикани синов тариқасидаги ташишлар орқали қўллаб-қувватлаш, эркин иқтисодий зоналар ҳамкорлигини экспортбоп ишлаб чиқаришга қаратиш ҳамда сув ва энергетика соҳасидаги лойиҳаларни аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолашни таклиф этади.
Якунда Жаҳонгир Исаев икки мамлакат узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам пойдеворга эга эканини, муваффақиятнинг асосий мезони эса сиёсий ишончни фаолият юритаётган корхоналар ва ишончли савдо йўлларига айлантиришдан иборат эканини хулоса қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси