Қирғизистон ОАВ: ШҲТда Ўзбекистон ташаббуслари минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Август 27, 2026. 18:30 • 2 дақ

25
Қирғизистон ОАВ: ШҲТда Ўзбекистон ташаббуслари минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

БИШКЕК, 27 август. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг “Alliance-press” ахборот агентлигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)да Ўзбекистоннинг ўрни ва ташаббусларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, бугунги кунда ташкилот 10 та аъзо давлат, 15 та мулоқот бўйича шерик ва 2 та кузатувчи давлатни бирлаштирмоқда ҳамда унга аъзо бўлиш истагини билдираётган мамлакатлар сони ортиб бормоқда.

ШҲТ ташкил топган илк кунлардан буён унинг ажралмас қисми бўлган Ўзбекистон ташкилот фаолиятига салмоқли амалий ҳисса қўшиб келмоқда. Мамлакатимиз тўрт маротаба – 2004, 2010, 2016 ва 2022 йилларда ШҲТга муваффақиятли раислик қилиб, саммитларга мезбонлик қилган.

Иқтисодий соҳада Ўзбекистон чуқур саноат кооперацияси ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтишни стратегик мақсад қилиб қўйган. 2025 йилда мамлакатнинг ШҲТга аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларга етди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон томонидан илгари сурилган “Критик материаллар бўйича минтақавий марказ”, “ШҲТ Энергетика консорциуми”ни ташкил этиш, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ва уни “Термиз–Мазори Шариф–Кобул–Пешавар” Трансафғон коридори билан жипслаштириш ташаббуслари янги транспорт ва иқтисодий коридорларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Хавфсизлик соҳасида Тошкент анъанавий “уч ёвуз куч”га (терроризм, сепаратизм, экстремизм) қарши курашиш билан бирга, киберхавфсизликни таъминлаш, сунъий интеллект бўйича халқаро экспертлар кенгашини тузиш ҳамда Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этиш бўйича тизимли ташаббусларни илгари сурмоқда.

Мақолада Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига мослашиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, “яшил” технологияларни жорий этиш ҳамда туризм ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш борасидаги амалий таклифлари алоҳида эътироф этилган. Хусусан, “ШҲТ Яшил белбоғи” дастури, “Атлас озиқ-овқат хавфсизлиги” платформаси ҳамда “ШҲТ туристик ва маданий пойтахти” дастурлари шулар жумласидандир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш