Ҳиндистон Ўзбекистондаги ҳарбий поликлиникага замонавий тиббий техника ва ускуналар топширди
Август 27, 2026. 17:00 • 3 дақ
• 87ДЕҲЛИ, 27 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети поликлиникаси замонавий тиббий техника ва ускуналар билан тўлиқ жиҳозланиб, расман фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик алоқалар ҳамда ҳарбий-тиббиёт ва таълим соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг навбатдаги намунаси бўлди.
Тантанали очилиш маросимида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети бошлиғининг биринчи ўринбосари генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пант ҳамда ҳарбий хизматчилар ва фахрийлар иштирок этди.
Учрашув давомида Ҳиндистон ҳукумати томонидан беғараз ёрдам сифатида ажратилган замонавий диагностика ва даволаш аппаратуралари, ихтисослаштирилган реанимобиль ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳарбий госпиталлари учун тўрт тўплам травматологик ускуналарни расмий топшириш маросими бўлиб ўтди.
Инфратузилмани модернизация қилиш доирасида поликлиникага умумий қиймати 500 минг долларга тенг бўлган 49 турдаги 70 дан ортиқ замонавий тиббий ускуналар етказиб берилди. Улар орасида рақамли рентгенограф, суткалик мониторинг аппарати (Холтер), велоэргометр, УЗИ аппарати, замонавий стоматология ва физиотерапия ускуналари бор.
Янги тиббий имкониятлар ҳарбий хизматчилар, курсантлар ва уларнинг оила аъзоларига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан оширишга, шунингдек, касалликларни барвақт аниқлаш ва самарали даволашни таъминлашга хизмат қилади. Янги реанимобилнинг фойдаланишга топширилиши шошилинч ёрдам кўрсатиш тезкорлигини сезиларли даражада оширади.
Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг ҳарбий таълим ва тиббиёт соҳасидаги шериклиги изчил ривожланмоқда. Илгари Ҳиндистон кўмагида университетда ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик лаборатория мажмуаси ташкил этилган эди. Бундан ташқари, ҳиндистонлик мутахассислар курсантлар ва офицерларни ўқитиш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Ушбу қўшма лойиҳаларнинг барча босқичларида икки мамлакат элчихоналари самарали маъмурий ва логистик назоратни таъминлади.
Маросимда Ҳиндистон ҳукуматига ҳарбий-тиббий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдирилди. Мудофаа алоқаларини мустаҳкамлашда фаоллик кўрсатган ҳиндистонлик мутахассислар Мудофаа вазирлигининг “Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” кўкрак нишони ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир якунида меҳмонлар поликлиникада яратилган замонавий шароитлар ва янги имкониятлар билан танишди.
Тиббиёт муассасасининг фойдаланишга топширилиши Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилган ғамхўрлик ва эътиборнинг навбатдаги амалий ифодаси бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




