"Ўзбекистон - 2030" стратегияси Хитой оммавий ахборот воситаларининг нигоҳида

Август 27, 2026. 10:57 • 2 дақ

191
"Ўзбекистон - 2030" стратегияси Хитой оммавий ахборот воситаларининг нигоҳида

ПЕКИН, 27 август. /“Дунё” АА/. Хитойнинг нуфузли “Diplomat” нашрида “Транспорт коридорларидан ишлаб чиқариш экотизимларигача: Хитой–Ўзбекистон ҳамкорлиги учун янги уфқлар” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистонда мустақилликнинг 35 йили давомида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатда барча соҳаларда улкан ўзгаришлар амалга оширилди. Меҳнат унумдорлигини ошириш, технологияларни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш борасида йирик лойиҳалар татбиқ этилди.

Хитой Ўзбекистоннинг ушбу трансформация жараёнида асосий шерик ҳисобланади. Икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик юқори сиёсий ишонч, жадал кенгаяётган иқтисодий алоқалар ҳамда Марказий Осиёда барқарор ва фаровон тараққиётни таъминлашга бўлган муштарак интилишга асосланган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси саноат, инвестиция, экспорт, рақамлаштириш, инсон капитали, “яшил” энергетика, сув ресурсларини бошқариш, транспорт ва минтақавий ҳамкорлик соҳаларидаги икки томонлама лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Ушбу стратегиянинг марказий элементларидан бири саноатни модернизация қилишдир. Ўзбекистон хом ашёни мамлакат ичида чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва халқаро ишлаб чиқариш тармоқларидаги иштирокини кенгайтиришни режалаштирмоқда. 2030 йилга бориб саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 60 миллиард АҚШ долларига етказиш прогноз қилинмоқда.

Материалда транспорт боғлиқлиги ҳаётий аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланган. Очиқ денгизга чиқиш имконияти чекланган Ўзбекистон учун диверсификация қилинган йўналишлар хавфсизлик ва жаҳон бозорларига чиқишнинг муҳим омилидир. Шу нуқтаи назардан, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли шунчаки транспорт лойиҳаси эмас, балки саноат зоналари, логистика марказлари ва янги минтақавий ўсиш нуқталарининг мустаҳкам ўзаги сифатида қаралмоқда.

Ушбу ёндашув Ўзбекистоннинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги нигоҳига тўлиқ мос келади ва транспорт коридорларини иқтисодий коридорларга, алоҳида лойиҳаларни эса йирик ишлаб чиқариш экотизимларига айлантиришни назарда тутади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш