Logo

Буюк Британия матбуоти: Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуаси янги қиёфада иш бошлади

Апрель 13, 2026. 19:40 • 3 дақ

221
Буюк Британия матбуоти: Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуаси янги қиёфада иш бошлади
Буюк Британия матбуоти: Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуаси янги қиёфада иш бошлади

ЛОНДОН, 17 апрель. /“Дунё” АА/. Буюк Британиядаги халқаро туризм янгиликларини чоп этишга ихтисослашган электрон нашр ­– “Emergingtravel.news” сайтида Самарқандда реконструкция қинган Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.

Мақолада ёзилишича, Самарқандда жойлашган Имом ал-Бухорий мажмуаси қайта реконструкция ҳамда кенг кўламли қайта қуриш ишларидан сўнг тантанали равишда очилган. Кенгайтириш натижасида мажмуа сиғими 5 баравардан зиёд оширилган.

Мажмуа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил март ойида очилди. Кенг кўламли реконструкциядан сўнг, мажмуа энди бир кунда 65 минггача зиёратчини қабул қилиш имконига эга бўлди. Илгари бу кўрсаткич тахминан 12 минг нафарни ташкил этар эди.

“Самарқанд шаҳридан 25 километр масофада жойлашган мажмуа 45 гектар майдонни эгаллайди. У марказий масжид, Имом ал-Бухорий мақбараси, маъмурий бинолар ва 154 устунга таянган айвондан иборат. Мажмуада баландлиги 75 метр бўлган тўртта минор ва жами 14 та гумбаз барпо этилган”, дея маълумот келтиради нашр.

Замонавий рақамли технологиялар асосида ташкил этилган музейда зиёратчилар Имом ал-Бухорий ҳаёти ва илмий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга. У Ислом оламида “муҳаддислар султони” сифатида юксак эътироф этилган. Экспозициялар, шунингдек, Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар тарихи, Муҳаммад пайғамбар насаби ва ҳадис илмининг шаклланиши ҳақида ҳам маълумот беради.

Шунингдек ўқинг

Зиёратчилар сони ортиб бораётганини ҳисобга олиб, мажмуа ҳудудида бир тўрт юлдузли, икки уч юлдузли меҳмонхона ва 22 та оилавий меҳмон уйи қурилди. Янги масжидда илк Ийд ал-Фитр намози ҳам очилиш куни ўқилди.

Имом ал-Бухорий 810 йилда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида туғилган бўлиб, у “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари муаллифи сифатида бутун Ислом оламида машҳур. Ушбу тўплам Қуръондан кейинги энг ишончли ҳадислар манбаи ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Имом Бухорий номи билан боғлиқ зиёрат туризмига бағишланган кўп тилли телеканални ишга туширди. “Табаррук зиёрат” онлайн платформаси мамлакат бўйлаб жойлашган қарийб 260 та зиёратгоҳ ҳақида етти тилда маълумот тақдим этмоқда.

Мақолада таъкидланишича, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга келган сайёҳларнинг 57 фоизи Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳиссасига тўғри келган. Хусусан, Қирғизистондан 1,5 миллиондан ортиқ, Қозоғистондан эса 1,1 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш