Ўзбекистонлик олимлар Германияда малака ошириш курсларида иштирок этди
Ноябрь 24, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 21
ДРЕЗДЕН, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти олимлари Германиянинг Дрезден техника университетида малака ошириш курсларида бўлди ва халқаро таълим конгрессида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари Берлиндаги Ўзбекистон элчихонасида учрашув ўтказиб, таълим, фан ва соғлиқни сақлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Сафар давомида педагоглар Дрезден техника университети педагогика факультети раҳбарияти билан ҳамкорлик режаларини муҳокама қилди. Профессор Томас Кёллер раҳбарлигида ўтказилган методологик семинарда факультет тадқиқотчиларининг илмий ишлари билан яқиндан танишди.
Вакилларимизнинг навбатдаги учрашуви Дрездендаги умумтаълим мактабларидан бирида бўлиб ўтди. Унда немис томони барча ўқувчилар учун тенг таълим имкониятини яратиш ва дарсларда инклюзив таълим тамойилларини қўллаш тажрибасини намойиш қилди.
8,3 миллиондан зиёд китоб фондига эга Саксония давлат кутубхонасидаги учрашув ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Дрезденда “Келажак учун таълим” мавзусидаги халқаро конгрессда эса ўзбекистонлик олимлар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг таълим ва кўникмалар бўйича департаменти вакиллари билан фикр алмашди.
Суҳбат чоғида томонлар келгусида икки мамлакат олимлари иштирокида илмий-амалий учрашувлар ўтказиш ҳамда ҳаммуаллифликда адабиётлар нашр этишга келишиб олди.
Сафар якунида делегация аъзоларига Дрезден техника университетида малака оширгани тўғрисидаги сертификатлар топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси