“The World News”: БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичини намоён этди
Октябрь 01, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 37
ИСЛОМОБОД, 1 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News” нашрида “Ўзбекистон ва БМТ: Миллий ташаббуслардан глобал кун тартибига” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Барқарор ривожланиш маркази” бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаев муаллифлигидаги материалда қайд этилишича, БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичини намоён этди.
“23 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бош Ассамблеянинг умумий сиёсий мунозараларида Ўзбекистон номидан нутқ сўзлади. Унинг расмий нутқида мамлакат танлаган йўл учта тушунча билан ифодаланди: очиқлик, қўшнилар билан яхши муносабатлар ва дунё билан мулоқот”, – дейилади мақолада.
Нашрда бу ҳолат Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги ички ва ташқи сиёсати ўртасидаги мантиқий боғлиқликни кўрсатиши алоҳида таъкидланган. Мамлакат ичида инсон қадри ислоҳотларнинг бош мезони сифатида белгиланган бўлса, халқаро майдонда ҳам тинчлик, тараққиёт ва инсон қадр-қиммати бир-биридан ажралмас ягона вазифа сифатида талқин этилмоқда.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистон БМТ Бош котибининг ташкилотни замонавий талабларга мослаштиришга қаратилган “UN80” ташаббусини қатъият билан қўллаб-қувватлагани урғуланган. Муаллифнинг фикрича, бу қарашлар бугун БМТнинг ўзида кечаётган мунозаралар билан тўла ҳамоҳангдир. Глобал кучлар мувозанати ўзгариб бораётган бир пайтда кўп томонлама институтларнинг вакиллик даражаси, самарадорлиги ва қарорларни амалга ошириш имкониятларини ошириш масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда.
“Нью-Йоркда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар мамлакатдаги ислоҳотлар, Марказий Осиёда шаклланган янги ҳамкорлик муҳити ҳамда глобал муаммоларга ечим излаш ўртасида тобора мустаҳкам боғлиқлик юзага келаётганини кўрсатди. Энг муҳими, Ўзбекистон халқаро кун тартибига фақат муносабат билдириш билан чекланмай, унинг янги йўналишларини шакллантиришга қаратилган конструктив таклифларни илгари сурмоқда”, – деб ёзилган “The World News”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси