Нью-Йоркда сунъий интеллектни бошқариш масалалари муҳокама қилинди
Октябрь 01, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 118НЬЮ-ЙОРК, 1 октябрь. /“Дунё” АА/. БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг юқори даражадаги ҳафталиги доирасида Нью-Йорк шаҳрида “Ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ўртасидаги фарқ: сунъий интеллектни глобал бошқаришни ким таъминлайди?” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан “Tech Diplomacy Global Institute” ва “Mia AI” билан ҳамкорликда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, технологик компаниялар, илмий ва таълим муассасалари вакиллари иштирокида ташкил этилди.
Муҳокомалар чоғида сунъий интеллект ва рақамли трансформация соҳасидаги миллий устувор йўналишлар, жумладан, кадрлар ва институционал салоҳиятни ривожлантириш ҳамда СИни иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг муҳим тармоқларида қўллаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Иштирокчилар сунъий интеллектни бошқаришнинг халқаро тамойилларини амалиётга жорий этиш, давлат хизматчиларининг СИ саводхонлигини ошириш, идоралараро мувофиқлаштиришни кучайтириш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, маълумотларни ҳимоя қилиш ва киберхавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Хусусан, давлат органлари, технологик сектор, илмий ҳамжамият ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги барқарор мулоқотни ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида, шунингдек, Самарқанд технологик дипломатия декларациясининг бир йиллигига бағишлаб жорий йил 14 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Tech Diplomacy Asia Symposium” симпозиумини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани тасдиқланди.
Ушбу форум декларацияни амалга оширишнинг биринчи йил якунларини муҳокама қилиш, технологик дипломатияни янада институционализациялаштириш ҳамда Осиё давлатларининг янги технологиялар соҳасидаги амалий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




