“Tribune”: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳарсозлик лойиҳалардан бирини амалга оширмоқда
Май 25, 2026. 15:55 • 2 дақ
• 483
ОЛМАОТА, 26 май. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “Tribune” ахборот-таҳлил порталида “Янги Тошкент: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳарсозлик лойиҳалардан бирини амалга оширмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистон пойтахти Марказий Осиёнинг йирик мегаполиси сифатида жадал кенгайиб бормоқда. Тошкент шаҳрининг инфратузилмавий юкини енгиллаштириш ва аҳоли учун мутлақо янги, қулай яшаш муҳитини яратиш мақсадида давлат раҳбари ташаббуси билан Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида “Янги Тошкент” шаҳри барпо этилмоқда.
Ушбу йирик лойиҳа нафақат кўлами, балки замонавий архитектура ва “ақлли шаҳар” технологияларини мужассам этгани билан минтақадаги энг йирик урбанистик ташаббус сифатида эътироф этилмоқда.
Нашрда ёзилишича, лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 60 минг нафар аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий бинолар, олий таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш масканлари ва маданият объектлари қурилиши бошланган. Янги шаҳарнинг бош режасини ишлаб чиқишга Буюк Британия, Сингапур ва Германиянинг дунёга машҳур архитектура ва инжиниринг компаниялари жалб этилган. Лойиҳада экологик барқарорлик ва “яшил технологиялар” устувор вазифа этиб белгиланган. Шаҳар ҳудудининг қарийб 25 фоизини боғлар, истироҳат масканлари ва яшил ҳудудлар ташкил этиши диққатга сазовордир.
Қозоғистон ахборот портали “Янги Тошкент”нинг транспорт ва ижтимоий инфратузилмасига ҳам алоҳида тўхталган. Шаҳарда жамоат транспортининг ер усти ва ер ости тизимлари уйғунлашган ҳолда ривожлантирилади, пиёдалар ва велосипедчилар учун махсус йўлаклар тармоғи яратилади. Маъмурий марказнинг ушбу ҳудудга кўчирилиши эса эски шаҳардаги тирбандликларни камайтиришга ва тарихий марказни асраб қолишга хизмат қилади.
“Tribune” ушбу улкан бунёдкорлик лойиҳасини Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий қудрати ва келажакка йўналтирилган юксак салоҳияти ифодаси сифатида баҳолаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




