“Asdaa Oman”: Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамкорлигининг янги драйверига айланмоқда
Май 25, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 133
МАСКАТ, 25 май. /“Дунё” АА/. Ўмоннинг “Asdaa Oman” нашрида эълон қилинган мақолада Ўзбекистоннинг минтақавий савдо, транспорт ва сармоявий жараёнлардаги ўрни ортиб бораётганини алоҳида қайд этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) юқори ресурс, саноат ва логистика салоҳиятига эга мамлакатларни бирлаштириб, Евроосиёда иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим платформасига айланиб бормоқда.
Экспертлар фикрича, Ўзбекистон ишлаб чиқариш, экспорт ва саноат кооперациясидаги мавқеини мустаҳкамлаган ҳолда, минтақадаги энг жадал ривожланиш босқичини намойиш этмоқда.
Сўнгги беш йил ичида мамлакат экспорт ҳажмини ошириб, минтақавий таъминот занжирларидаги иштирокини кучайтириш орқали ўзининг иқтисодий кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилади. Бунда асосий савдо ҳамкорлари бўлиб қолаётган Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Туркманистон билан кенгайиб бораётган ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сармоявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017 йилдан 2025 йилгача минтақа мамлакатларининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармоялари ҳажми 11,5 миллиард доллардан ошди. Мамлакатда туркий макон давлатлари капитали иштирокида 4,5 мингдан ортиқ компания фаолият юритмоқда, Туркия эса энг йирик сармоядор бўлиб қолмоқда.
Мақолада транспорт интеграциясининг аҳамияти ҳам алоҳида ёритилган. Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган Ўзбекистон қуруқлик ва мультимодал йўлакларни, жумладан, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия орқали ўтувчи йўналишларни, истиқболли “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўл лойиҳасини фаол ривожлантирмоқда. Бу йўналишлар экспортни кенгайтириш ва логистика харажатларини қисқартиришнинг асосий омили сифатида кўрилмоқда.
Бундан ташқари, иқтисодий ҳамкорлик асоси сифатида рақамлаштиришнинг ўрни ортиб бораётгани таъкидланган. Рақамли стандартларни уйғунлаштириш, электрон тижоратни ривожлантириш ва ягона платформаларни жорий этиш транзакция харажатларини камайтириш ҳамда минтақа ичидаги савдони кенгайтиришнинг муҳим воситаси саналади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




