Туркиялик таниқли журналист Ўзбекистонга ташрифи таассуротлари билан ўртоқлашди
Июнь 09, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 100
АНҚАРА, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг етакчи газеталаридан бири “Sabah”да таниқли журналист Явуз Донатнинг Ўзбекистонга ташрифи ва Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Туркия медиа-форумидаги иштирокига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф мамлакатимизга ташрифи давомида олган таассуротлари ҳақида ўртоқлашар экан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги тарихий яқинлик, маданий қардошлик ва жадал ривожланаётган муносабатларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Журналист Туркия делегациясига Тошкентда кўрсатилган ҳурмат ва эътиборни алоҳида таъкидлаб, Ўзбекистондаги илк дақиқаларданоқ ҳис қилган меҳмондўстлик ва самимий биродарлик муҳитини эътироф этди.
Мақолада Ўзбекистон ва Туркияни умумий тарихий илдизлар, маданий қадриятлар, тил яқинлиги ва маънавий мерос бирлаштириши маълум қилинган. Явуз Донатнинг сўзларига кўра, кўплаб ўзбекистонликлар, жумладан, турк телесериалларининг машҳурлиги туфайли турк тилида эркин сўзлашади.
Муаллиф Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Туркия медиа-форуми ҳақида гапириб, унинг икки мамлакат медиа ҳамжамияти вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлади. Хусусан, материалда Туркия Глобал Журналистлар Кенгаши ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳақида маълумот берилган.
Туркиялик журналист ташриф давомида университет ўқитувчилари ва талабалари билан учрашиб, уларнинг замонавий Туркия ҳақидаги қарашлари билан танишди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ёшлари Туркия маданияти, тарихи ва таълимига катта қизиқиш билдирмоқда, Истанбул эса ўзбекистонлик талабалар учун энг жозибадор хорижий шаҳарлардан бири бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, нашрда Ўзбекистон аҳолиси 2023 йил февраль ойида Туркияда содир бўлган вайронкор зилзилалар оқибатларига самимий ҳамдардлик билдиргани қайд этилган. Муаллиф ушбу фожиа ўзбекистонликлар қалбида чуқур акс-садо бергани ва икки қардош халқ ўртасидаги мустаҳкам гуманитар алоқаларнинг яна бир далили бўлганини таъкидлайди.
Явуз Донат мақола якунида Самарқанд, Бухоро ва мамлакатнинг бошқа қадимий шаҳарларига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси билан танишишни давом эттириш режалари ҳақида гапирган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси