Ўзбекистон ва Беларусь саноат, энергетика ва коммунал инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Ноябрь 07, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 19
ГОМЕЛЬ, 7 ноябрь 2026 йил. /“Дунё” АА/. Беларусь Савдо-саноат палатасининг Гомель бўлимида маҳаллий йирик тадбиркорлар иштирок этган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда беларуслик ишбилармон доиралар вакилларига мамлакатимизда амалга оширилаётган савдо-иқтисодий ислоҳотлар таништирилди. Хусусан, “Янги Тошкент” мегалойиҳасининг улкан инвестициявий салоҳияти ва кенг бизнес имкониятлари тақдим этилди.
Шу билан бирга, Беларусь тадбиркорлари жорий йилнинг 30 ноябридан 5 декабрига қадар Тошкент шаҳрида ўтказиладиган халқаро бизнес-форум ҳақида хабардор қилинди.
Мазкур нуфузли тадбир Беларусь бизнесменлари учун дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келадиган салоҳиятли шериклар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва янги истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Давра суҳбати якунлари бўйича Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати, энергетика, шунингдек, коммунал инфратузилма соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг саноат зоналари ва “Гомель-Ратон” эркин иқтисодий зонаси ўртасида алоқаларни ўрнатиш, техник касблар бўйича ўрта таълим соҳасида янги ўқув курсларини ташкил этиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси