Туркиядан муносабат: Марказий Осиё минтақавийликдан глобаллик сари шахдам қадам ташламоқда
Ноябрь 18, 2025. 16:39 • 2 дақ
• 95
АНҚАРА, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. Туркиянинг АНКАСАМ – Анқара инқироз ва сиёсатни ўрганиш маркази директори, профессор Меҳмет Сейфеддин Эрол "Дунё" АА учун интервьюсида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувлари ҳақида фикр билдирди:

– Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашуви бир қанча жиҳати билан тарихий тадбир бўлди. Унинг доирасида янги Ўзбекистоннинг ташаббус ва таклифлари, ҳеч шубҳасиз, Марказий Осиёни минтақавийликдан глобаллик сари шахдам қадамлар билан олға интилаётганини кўрсатиб турибди. Озарбайжонинг маслаҳат йиғилишига тўла қонли аъзо бўлиб кираётгани ҳам ушбу учрашувларнинг мавқейини янада оширмоқда.
Марказий Осиё эндиликда муаммоларни келишиб ҳал қиладиган ҳамжиҳат сиёсий иродага эга бир минтақага айланганини кузатдик. Охирги йиғилишда билдирилган Ўзбекистон етакчиси томонидан билдирилган "Марказий Осиё ҳамжамияти" стратегик форматини таъсис этиш ташаббуси минтақанинг жиддий маънода иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан интеграция жараёнига интилаётганини кўрсатади. Чуқурроқ қаралса, Ўзбекистон ўз қўшнилари билан яратган дўстона муносабатлар муҳитини Марказий Осиё ўлароқ янада кенг географияда акс эттиришни таклиф этмоқда.
Минтақада транспорт боғлиқлигини ривожлантириб, салоҳиятни тўлиқ юзага чиқариш учун "Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон" темир йўли, Трансафғон транспорт йўлаги қурилиши каби лойиҳаларга устувор аҳамият берилаётгани ҳам жуда муҳим. Бу ўринда Хитойнинг "Бир белбоғ, бир йўл" лойиҳаси ҳамда минтақани Европа мамлакатлари билан боғлайдиган Транскаспий коридори имкониятларидан кенг рўёбга чиқаришга замин яратади.
Маслаҳат учрашувларида яна бир муҳим жиҳатга – сув тақчиллиги ва иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Президент Шавкат Мирзиёев 2026–2036 йилларни "Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги" деб эълон қилишни таклиф этди. Бу ҳам минтақадаги сув тақчиллиги каби муҳим масалаларни ҳамжиҳатликда ҳал қилишга қаратилган муҳим ташаббусдир.
Фурсатдан фойдаланиб, аввало, Шавкат Мирзиёевга ҳамда тадбирда қатнашган барча давлат раҳбарларига Анқарадан ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор қиламан. Аминманки, янги Ўзбекистон бундан кейин ҳам ўзининг кучли интилишларини давом эттиради ва глобал саҳнада намунавий модел ўлароқ ўзига муносиб ўрин олади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси