Logo

Туркманистон ОАВ: Ўзбекистонда тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий қилинади

Январ 18, 2024. 15:43 • 2 дақ

90
Туркманистон ОАВ: Ўзбекистонда тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий қилинади

АШХОБОД, 18 январь. /«Дунё» АА/. Туркманистоннинг оммабоп «Orient» ахборот агентлиги «Ўзбекистонда тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий қилинади» сарлавҳали мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Нашрда таъкидланишича, бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингини жорий қилиш бўйича тақдимот билан танишувида айтиб ўтилди.

«Унга кўра, тадбиркорлар фаолият даври, рентабеллик даражаси, тўлов интизоми, аҳоли бандлигидаги ўрни ва иш ҳақи каби 23 та мезон асосида 4 та тоифага ажратилади. Бу солиқ, адлия ва суд органлари маълумотлари асосида шаклланади. Ҳар бир тадбиркор ўз ўрни ва баҳосини реал вақтда билиб бориши мумкин бўлади», - дейилади мақолада.

Рейтинги юқори тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор бўлади, қўшилган қиймат солиғи суммаси бир кунда ва бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўлов уч кунда қайтариб берилади. Товарларни импорт қилишда ва сотишда қўшилган қиймат солиғини божхона ва солиқ органларида ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади.

«Аукционда олинган давлат активлари ва ер участкалари қийматини бўлиб тўлаш муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади, - маълум қилган портал. - Бунда камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни бирйўла амалга оширганда, қолган суммага йиллик фоизлар ҳисобланмайди».

Қайд этилишича, келгусида рейтинг асосида субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар берилади. Бу тадбиркорларнинг энг интизомли ишбилармонлар сафига қўшилиб, янада кенг имкониятларга эга бўлишига рағбат яратади.

«Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» платформаси 1 мартга қадар ишга туширилиши белгилаб олинди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тизимни жорий қилиш ва самарадорлигини таъминлашда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат кенгашининг ўрни катта бўлиши кераклигини таъкидлади», - деб ёзган «Orient» ахборот агентлиги.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш