Миср ОАВ: Орол денгизининг қуриган жойида янги экотизим пайдо бўлмоқда
Апрель 20, 2026. 11:49 • 3 дақ
• 262ҚОҲИРА, 20 апрель. /“Дунё” АА/. Мисрнинг нуфузли “Sada al-Balad” ва “Al-Diplomasi” ахборот агентликларида Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти вакилларининг Орол денгизи қуриган ҳудудида янги экотизим пайдо бўлаётгани бўйича тайёрланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, ХХ аср бошларида Марказий Осиёдаги энг йирик сув ҳавзаларидан бири бўлган Орол денгизи кейинчалик кескин қурий бошлади. Натижада, унинг ўрнида улкан ҳудудни эгаллаган янги чўл шаклланди.
Бугунги кунда бу ҳудуд Марказий Осиёдаги энг йирик антропоген чўл экотизимлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Денгиз сатҳининг пасайиши натижасида 60 минг квадрат километрдан ортиқ сувли ва ботқоқ ерлар қуруқликка айланди.
Орол денгизи қуриши нафақат иқлим ва тупроқ таркибига, балки тирик организмлар дунёсига ҳам катта таъсир кўрсатди. Илгари сув ва ботқоқ муҳитга мослашган кўплаб турлар камайиб кетди. Бироқ шу билан бирга, янги пайдо бўлган Оролқум чўлида мутлақо бошқача экотизим шаклланиб, янги қушлар жамоалари вужудга келди. Бу ҳудудда турли муҳитларга мослашган қушлар яшай бошлади.
Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти олимлари томонидан Оролқумдаги орнитофауна ҳолатини ўрганиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади – қушлар учун муҳим бўлган ҳудудларни аниқлаш, уларнинг тур хиллиги, тарқалиши ва экологик ўзгаришларга мослашувини ўрганишдан иборат.
Агентликларда берилган мақолада таъкидланишича, 2025 йил куз ойларида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани ҳудудида кенг кўламли дала тадқиқотлари ўтказилди. Олимлар махсус усуллар орқали ҳудудни квадратларга бўлиб, ҳар бирида қушларни кузатиш ишларини амалга оширди. Бу ёндашув қушларнинг қайси муҳитда кўпроқ учрашини аниқлашга ёрдам берди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Оролқум ҳудудида бир нечта турли табиий муҳитлар шаклланган: шўрланган ерлар, қумли чўллар, тошли ва шағалли ҳудудлар, гилли (лойли) майдонлар, баландликлар ва жарликлар.
Шунингдек, айрим жойларда Орол денгизининг қолдиқ сув ҳавзалари ва сунъий кўллар ҳам мавжуд бўлиб, улар сув қушлари учун муҳим яшаш жойи ҳисобланади.
Олиб борилган тадқиқотлар натижасида 91 турга мансуб қушлар қайд этилди. Уларнинг 13 таси Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган нодир ва ҳимояга муҳтож турлардир. Бир қатор турлар халқаро табиатни муҳофаза қилиш рўйхатларига ҳам киритилган.
Энг кўп қушлар тури қумли чўл ҳудудларида учраши аниқланди. Бу ерларда ўсимликлар хилма-хиллиги ва яшаш шароити қулайлиги сабабли турли экологик гуруҳларга мансуб қушлар яшайди. Аксинча, шўрланган ва гилли ҳудудларда қушлар сони камроқ.
Тадқиқотлар яна бир муҳим жиҳатни кўрсатди: табиий ҳолда сақланиб қолган Орол денгизи қисмлари қушлар учун унчалик аҳамиятли эмас. Аксинча, инсон томонидан яратилган сунъий сув ҳавзалари сув қушлари учун асосий яшаш манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Оролқум қисқа вақт ичида шаклланган ноёб чўл экотизими бўлиб, у турли биотоплар ва биохилма-хилликка эга. Ушбу ҳудуддаги қушлар тарқалиши ва яшаш муҳитини ўрганиш келгусида уларни муҳофаза қилиш, муҳим ҳудудларни аниқлаш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

