Украина компанияси Ўзбекистондаги корхонасида Европа сифат стандартларини жорий этмоқда

Май 19, 2026. 15:55 • 2 дақ

123
Украина компанияси Ўзбекистондаги корхонасида Европа сифат стандартларини жорий этмоқда

КИEВ, 20 май. /“Дунё” АА/. Украинанинг “ЮРИА-ФАРМ” фармацевтика компанияси Ўзбекистондаги “Река-Мед Фарм” корхонасида Европа сифат стандартларини жорий этиш бўйича ишлар олиб бормоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Kyiv Diplomatic” нашрига таяниб.

Ушбу лойиҳа ишлари Ўзбекистонда 2030 йилга қадар дори воситалари маҳаллий ишлаб чиқариш улушини 70 фоизга етказиш вазифаси доирасида амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, компания 2023 йилда заводни сотиб олгач, корхонада кенг кўламли модернизация ишларини амалга оширган. Ишлаб чиқариш жараёнлари автоматлаштирилиб, “SCADA” рақамли бошқарув тизимлари жорий этилган. Шунингдек, сувни тозалаш, стериллаш ва тоза хоналар тизимлари янгиланган. Бу ишлаб чиқариш қувватини қарийб 50 фоизга ошириб, йиллик 13,5 миллион бирликка етказиш имконини берган.

Шунингдек ўқинг

Ҳозирда корхонада “GMP” стандартларини жорий этиш ҳамда янги ишлаб чиқариш маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон қонунчилиги талабларини инобатга олган ҳолда Украина сифат стандартлари ва ишлаб чиқариш тартиб-қоидалари мослаштирилган, юзлаб стандарт операцион процедуралар ишлаб чиқилган, ходимлар учун “GMP” ва “Kaizen” тамойиллари бўйича ўқув дастурлари йўлга қўйилган.

Нашрда қайд этилишича, корхонада амалга оширилаётган модернизация жараёнлари нафақат технологик ускуналарга, балки ишлаб чиқариш маданияти ва ходимлар ёндашувига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Шунингдек, лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кўмагида ўн миллионлаб долларлик инвестициялар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда корхона ўз маҳсулотларини Тожикистонга экспорт қилмоқда. Яқин истиқболда эса Қозоғистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари бозорларига чиқиш, ампула ишлаб чиқаришнинг янги линияларини ишга тушириш ва “Blow-Fill-Seal” технологиясини жорий этиш режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш