Ўзбекистон ва Германия янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олди
Август 20, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 95
БЕРЛИН, 20 август. /“Дунё” АА/. “UZBEKISTAN invest now” журналида Ўзбекистон–Германия ҳамкорлиги, юртимиздаги иқтисодий ва инвестициявий ислоҳотларга бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг шу йил 17–18 июнь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида унга Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси томонидан шакллантирилган 16 кишилик бизнес-делегация ҳамроҳлик қилган.
Ташриф давомида қатор лойиҳалар, хусусан, Тошкент шаҳрида истиқболда Марказий Осиё минтақавий бозорига хизмат қилиши кўзда тутилган “Volkswagen” автомобилларини йиғиш заводини ишга тушириш, “Rhenus Group” билан ҳамкорликда Андижон вилоятида логистика марказини барпо этиш, “Henkel” компанияси иштирокида истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, “Deutsche Bahn” билан биргаликда касбларга ўқитиш дастурини амалга ошириш ҳамда янги “Telc” тил имтиҳонлари марказини очиш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланган.
Материалда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг Марказий Осиё ишчи гуруҳи спикери Нико Варбанофф фикрларига эътибор қаратилган. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг энг жадал ривожланаётган барқарор бозорларидан бирига айланиб, минтақада муҳим сиёсий ва логистик ўрин эгаллаган.
Эксперт мамлакатнинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда технологик ҳамкорликка юқори қизиқишини Германия компаниялари учун саноат, машинасозлик ҳамда йирик инфратузилма лойиҳаларида қўшимча имконият сифатида баҳолаган.
Мақолада қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги имкониятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон 2027 йилга қадар қайта тикланувчи манбаларнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улушини 35 фоизга, 2030 йилга бориб 54 фоизга етказишни мақсад қилган. 2026 йил бошида “яшил” энергетика соҳасида умумий қиймати қарийб 11 миллиард доллар бўлган 42 та лойиҳа эълон қилинган.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида Нукус шаҳрида амалга оширилаётган кўп қаватли уйни комплекс модернизация қилиш пилот лойиҳаси энергия самарадорлиги соҳасидаги амалий ҳамкорлик намунаси сифатида келтирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси