Ўзбекистон ва Россия ўртасида тиббиёт соҳасида қўшма “Йўл харитаси” имзоланди

Октябрь 29, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 89
Ўзбекистон ва Россия ўртасида тиббиёт соҳасида қўшма “Йўл харитаси” имзоланди

МОСКВА, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Россия соғлиқни сақлаш вазирлари Элдор Адилов ҳамда Михаил Мурашко ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Караван Инфо” ААга таяниб.

Россия ахборот агентлигида қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасида тиббий таълим, касалликларни ташхислаш ва даволаш, юқори технологияли тиббий ёрдамни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.

Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб берувчи “Йўл харитаси”ни имзолади.

Мақолада ёзилишича, тиббиёт кадрларини тайёрлаш ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан биридир. Шу мақсадда Тошкентда Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий илмий-тадқиқот тиббиёт университетининг филиали ташкил этилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ҳозирда лойиҳа доирасида ўқув ва клиник база шакллантирилиб, профессор-ўқитувчилар таркиби сараланмоқда ҳамда симуляция-аккредитация маркази замонавий ускуналар билан жиҳозланмоқда.

Шунингдек, томонлар ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, аҳолининг юқори технологияли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Вазирлар онкологик ва юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Келишилган вазифалар қаторида Ўзбекистонда ядро тиббиётини ривожлантириш ҳам ўрин олган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш