100 нафар ўзбекистонлик “Президент ҳожилари” Ҳаж амалларини якунлаб, Ватанга қайтди
Июнь 02, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 2
ЖИДДА, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Ҳаж зиёратига юборилган 100 нафар ўзбекистонлик “Президент ҳожилари” Ҳажнинг барча амалларини муваффақиятли адо этиб, Жидда шаҳри Подшоҳ Абдулазиз номидаги халқаро аэропортдан Тошкент шаҳрига қайтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Зиёратчилар Саудия Арабистонида бўлган вақт давомида муқаддас Мадина ва Макка шаҳарларини зиёрат қилди, Арафот, Муздалифа ва Мино водийларидаги ибодатларни ҳамда Ҳажнинг барча амалларини тўлиқ якунлади.
Жидда аэропортида ҳожиларни мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимлари, Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Мусулмонлар идорасининг ҳаж тадбирларини ташкил этишга масъул вакиллари кузатиб қўйди.
“Президент ҳожилари” Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун яратилган имконият ва шарт-шароитлар учун Ўзбекистон Президентига самимий миннатдорлик билдирди. Улар кўрсатилган ғамхўрлик ва эътибор туфайли муқаддас ибодатларни хотиржам ва муносиб тарзда адо этганини таъкидлади.
Зиёратчилар, шунингдек, давлатимиз раҳбарига сиҳат-саломатлик ва амалга оширилаётган ислоҳотларда муваффақиятлар тилаб, тинчлик-осойишталик, халқ фаровонлиги ва юртимизнинг янада тараққий этиши учун дуо қилиб, Ўзбекистонга катта таассуротлар билан қайтаётганини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




