Тошкентда “XXII Халқаро маданий анъаналар ва миллий таомлар хайрия фестивали” бўлиб ўтмоқда
Май 23, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 202ТОШКЕНТ, 23 май. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати томонидан ташкил этилган “XXII Халқаро маданий анъаналар ва миллий таомлар хайрия фестивали” бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу анжуман мамлакатимиздаги анъанавий халқаро маданий майдонлардан бири ҳисобланиб, у маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда дунё халқларининг урф-одат ва анъаналарини кенг тарғиб қилишга қаратилган.
Бу йилги фестивалда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган ҳамда фаолият юритаётган 20 дан ортиқ дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар ҳамда миллий маданий марказлар вакиллари иштирок этмоқдалар.
Тадбир қатнашчилари ўз давлатларининг миллий таомлари, бой маданий анъаналари, мусиқа ва рақс дастурлари ҳамда миллий либослари элементларини кенг намойиш этмоқдалар.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев, Дипломатик сервис хизмати бош директори Ойбек Эгамбердиев ва бошқа расмий шахслар сўзга чиқдилар.
Анжуман меҳмонлари дунё халқлари миллий ошхоналарининг ўзига хос хусусиятлари билан яқиндан танишиш, таомларни тайёрлаш жараёнларида бевосита иштирок этиш ҳамда дипломатик корпус ва тадбир шериклари томонидан ташкил этилган маданий-кўнгилочар дастурдан баҳраманд бўлиш имкониятига эгадирлар.
Ташкилотчиларнинг алоҳида таъкидлашича, мазкур фестиваль мутлақо хайрия мақсадларида ўтказилмоқда.
Миллий таомлар сотувидан тушган барча маблағлар, шунингдек, тадбир давомида йиғилган ҳомийлик ёрдамлари Ўзбекистондаги онкологик касалликларга чалинган ҳамда ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу йилги фестиваль доирасида илк бор Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижлик дипломатлар фарзандлари томонидан чизилган «Ердаги тинчлик» («Мир на Земле») мавзусидаги суратлар кўргазмаси ҳам кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси











