Ўзбекистон компаниялари сунъий интеллект асосида энергия тежовчи ечимларни жорий этди

Июнь 02, 2026. 12:55 • 2 дақ

12
Ўзбекистон компаниялари сунъий интеллект асосида энергия тежовчи ечимларни жорий этди

ЛОНДОН, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг технологиялар соҳасидаги нуфузли “The Register” порталида “Ucell ва ZTE компаниялари Ўзбекистонда сунъий интеллект базасида экологик тоза тармоқ инфратузилмасини кенг кўламда ёйишни якунлади” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда ёзилишича, Ўзбекистоннинг энг йирик мобил операторларидан бири бўлган “Ucell” ўз тармоғида “ZTE” компаниясининг сунъий интеллект (СИ) технологиясига асосланган “ZTE RAN” энергия тежовчи ечимини тижорий мақсадда тўлиқ ишга туширганини эълон қилган. Ушбу тизимнинг бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши тармоқнинг энергия самарадорлигини 10,6 фоизга ошириш баробарида, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва фойдаланувчилар учун қулайликка ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмасдан, атмосферага ис гази чиқарилишини ҳамда эксплуатация харажатларини сезиларли даражада камайтириш имконини берди.

Мақолада қайд этилишича, мазкур инновацион ечим реал вақт режимидаги трафик таҳлили асосида тармоқнинг энергия истеъмолини динамик тарзда оптималлаштириш учун илғор таҳлилий воситалардан фойдаланади. Ҳар бир узел учун ишлаб чиқилган интеллектуал стратегиялар туфайли, тизим юклама паст бўлган даврларда энергия тежаш режимини автоматик равишда фаоллаштиради. Натижада, тармоқ эндиликда истеъмол қилинган ҳар бир киловатт-соат электр энергиясига (ГБ/кВтч) 10,6 фоиз кўпроқ маълумотни узатмоқда, бу эса ўз навбатида “яшил” телекоммуникация инфратузилмасини яратиш йўлидаги улкан қадамдир.

Шунингдек ўқинг

Технологик жараённинг ўзига хослиги шундаки, тизим икки даражали интеллектга эга тақсимланган ҳисоблаш архитектурасидан фойдаланади: тармоқ даражасидаги СИ трафикни прогноз қилса, базавий станциялар даражасидаги СИ ижро ва мониторингни таъминлайди. Машина орқали ўқитиш ёрдамида ушбу стратегиялар мунтазам равишда автоном тарзда оптималлаштирилиб, энергия тежаш ва тармоқ унумдорлиги ўртасидаги идеал мувозанатни сақлайди.

Британия нашрининг хулоса қилишича, Ўзбекистонда ушбу лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши замонавий телекоммуникация тизимида интеллектуал автоматлаштириш қандай қилиб экологик ва иқтисодий фойдани бирдек таъминлаши мумкинлигини кўрсатиб, бутун минтақа учун ўзига хос “яшил” тармоқ стандартини (эталонини) белгилаб берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш