Logo

2025 йилда юртимизга 32 минг япониялик сайёҳ ташриф буюрган

Февраль 18, 2026. 17:52 • 2 дақ

47
2025 йилда юртимизга 32 минг япониялик сайёҳ ташриф буюрган

ТОКИО, 18 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдурахмонов Япония сайёҳлик агентликлари уюшмаси (“JATA”) раиси Хироюки Такахаши билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида “JATA” раиси Ўзбекистон катта сайёҳлик салоҳиятига эга экани ва Япониядан келган сайёҳлар орасида тобора талабгир йўналишга айланиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, биргина 2025 йилда мамлакатимизга 32 минг япониялик сайёҳ ташриф буюрган. Бу тарихдаги энг юқори кўрсаткич ва 2024 йилга нисбатан бир ярим баравардан кўпроқ ўсишдир.

Хироюки Такахаши Япония фуқаролари учун жорий этилган визасиз тартиб, осойишта муҳит, саёҳат учун қулай шароитлар ҳамда икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар сайёҳлар оқимининг кўпайишига ҳисса қўшаётганини қайд этди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ва ривожланаётган туризм инфратузилмаси Япониядан сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш учун имконият яратаётгани юқори баҳоланди.

Учрашув якунида мамлакатга япон сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича қўшма чора-тадбирлар тўғрисида келишувларга эришилди. Булар янги сайёҳлик дастурларини ишлаб чиқиш ва “туризм дастурлари”ни тарғиб қилиш, ахборот турларини ташкил этиш, чартер рейсларини йўлга қўйиш, йирик сайёҳлик кўргазмаларида иштирок этишни ўз ичига олади.

“JATA” 1959 йилда Токиода Халқаро сайёҳлик агентликлари уюшмаси сифатида ташкил этилган ва бугунги кунда Япониянинг энг йирик сайёҳлик ташкилоти ҳисобланади. Уюшмага 2 мингга яқин сайёҳлик компаниялари ва ташкилотлари аъзо бўлиб, Япониянинг 9 шаҳрида ваколатхоналари мавжуд.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш