Абдусамат Ҳайдаров: Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ўзининг дипломатик таълим тизимини шакллантирди
Сентябрь 29, 2026. 19:32 • 8 дақ
• 104
ТОШКЕНТ, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ТИВ ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Дипломатик академияси директори, профессор Абдусамат Ҳайдаров "Ишонч" газетасига берган интервьюда ўзининг дипломатик ва илмий бой тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатимизга нима учун халқаро таҳлилнинг миллий мактаби зарурлиги ҳамда келажак дипломатиясини қандай билимлар белгилаб бериши ҳақида фикр билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсати сезиларли даражада фаоллашди. Халқаро алоқаларимиз кенгаймоқда, иқтисодий дипломатиянинг, технологиялар, транспорт ва инвестиция лойиҳаларининг аҳамияти ортиб бормоқда. Шундай бир шароитда дипломатга қўйиладиган талаблар қанчалик ўзгарди?
– Соҳада жуда жиддий ўзгаришлар рўй берди. Давлат стратегиясини дипломатлар, халқаро ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, таҳлилчилар, хавфсизлик масалалари бўйича мутахассислар ва минтақашунослар ҳаётга татбиқ этишади. Дипломатик хизмат сифати эса кадрлар тайёргарлигига бевосита боғлиқ.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон дипломатик таълимнинг ўз миллий тизимини шакллантирди. 1992 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ташкил этилди. Мамлакатимиз тараққиётининг 2016 йилдан бошланган янги босқичи ташқи сиёсий муҳитни ҳам тубдан ўзгартирди. Ўзбекистон янада очиқ ва фаол сиёсат юрита бошлади, иқтисодий алоқалар кенгайди, инвестиция ва технологиялар билан боғлиқ кун тартибининг аҳамияти ортди.
Президентимизнинг 2022 йилда қабул қилинган “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тизимли ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим қадам бўлди. Унга мувофиқ ЖИДУ ҳузурида Дипломатик академия ташкил этилди.
Университет бўлажак мутахассисларга фундаментал билим ва тайёргарлик берса, академия дипломатик кадрларни, жумладан, юқори бўғин дипломатларини тизимли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, дипломатик фаолиятни илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш вазифаларини бажаради. Зеро, бугунги дунёда инсон бутун фаолияти давомида ўқиб-ўрганиши зарур.
– 2026 йил 15 январда Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишлаб ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари янги авлод дипломатлари даври келганини алоҳида таъкидлади. Сизнингча, бу тушунча нимани англатади?
– Бу, энг аввало, анча кенг билим ва кўникмаларга эга бўлиш дегани. Дипломат халқаро ҳуқуқ ва сиёсатни пухта билиши, иқтисодиёт, инвестиция, савдо, транспорт ва логистика масалаларини тушуниши, технологиялар, хавфсизлик, иқлим ва ахборот соҳаларидаги жараёнлардан яхши хабардор бўлиши керак. Чунки дипломатлик касбининг мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди.
Бугун дипломат сиёсий мулоқотда иштирок этиш билан бир қаторда, инвестицияларни жалб этиш, экспортни ошириш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, илмий-технологик ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришга ҳам кўмаклашади.
Айниқса, иқтисодий дипломатиянинг аҳамияти ортди. Замонавий дипломат сиёсий қарор билан унинг амалий натижаси ўртасидаги боғлиқликни кўра билиши зарур. Эришилган келишув мамлакатга қандай наф келтириши, бизнес, инвестициялар ва янги технологиялар учун қандай имкониятлар очишини англаши керак. Янги авлод дипломати стратегик фикрлайдиган, давлатнинг ташқи сиёсий манфаатларини мамлакат тараққиёти олдида турган вазифалар билан уйғунлаштира оладиган мутахассис деганидир.
– Дейлик, ёш дипломат Хитойга, Европа мамлакатларидан бирига ёки Форс кўрфази давлатига ишга юборилди. Ундан қандай малака ва кўникмалар талаб этилади?
– У, аввало, ўзи фаолият юритадиган мамлакат иқтисодиётини, у ердаги ишбилармонлик муҳитини, бозор тузилмасини, инвестиция сиёсатини ва бизнес манфаатларини яхши тушуниши лозим. Ўзбекистон корхоналари учун қандай имкониятлар борлигини кўра билиш, истиқболли технологияларни топиш ва қўшма лойиҳалар самарасини баҳолай олиш салоҳияти ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бугун учрашув ташкил этиш ёки музокараларни тайёрлашнинг ўзигина етарли эмас. Дипломат ҳужжат имзолангандан сўнг нима бўлишини ҳам олдиндан тасаввур қила олиши керак. Лойиҳани амалга оширишда қандай тўсиқлар пайдо бўлиши мумкин, унинг ҳамкори ким бўлади, таклиф бозорда қай даражада рақобатбардош деган масалалар чуқур таҳлил қилиниши зарур. Бунинг учун кучли таҳлилий қобилият, иқтисодий маълумотлар билан ишлаш ва узоқ муддатли жараёнларни олдиндан кўра билиш малакаси талаб этилади.
– Дипломатик кадрларни тайёрлашдаги энг мураккаб масала нимада деб ўйлайсиз?
– Ўзгаришлар суръати. Халқаро муносабатлар тобора мураккаблашиб боряпти. Янги куч марказлари пайдо бўляпти, иқтисодий алоқалар қайта шаклланяпти, технология ва ахборот билан боғлиқ янги хавф-хатарлар юзага келяпти. Иқлим муаммолари ҳам халқаро кун тартибига тобора кучлироқ таъсир кўрсатяпти.
Дипломатик таълим ана шу жараёнларга ўз вақтида жавоб бера олиши керак. Бунинг учун таҳлилий ва тил тайёргарлиги, иқтисодий билимлар, рақамли воситалардан фойдаланиш ҳамда катта ҳажмдаги ахборот билан ишлай олиш кўникмаларига алоҳида эътибор талаб этилади.
Дипломатияни фақат дарслик орқали ўрганиб бўлмайди. Бўлажак мутахассис қарорлар қандай қабул қилиниши, музокаралар қандай тайёрланиши, хавф-хатарлар қандай баҳоланиши ва томонлар манфаатлари қай тарзда ҳисобга олинишини тушуниши керак. Шунинг учун таълим, илм-фан ва дипломатик амалиётни бир-бири билан узвий боғлиқликда ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз.
– Давлат дипломатик таълим ва халқаро тадқиқотлар билан боғлиқ миллий мактабга эга бўлмай туриб, самарали ташқи сиёсат юрита оладими?
– Бу жуда мушкул масала. Таълим касбий компетенцияларни шакллантиради, илм-фан эса ана шу компетенциялар таянадиган билимларни яратади, тизимлаштиради ва мунтазам янгилаб боради. Биз халқаро жараёнлар, минтақавий ўзгаришлар, жаҳон тизимидаги трансформациялар ва дипломатиянинг янги шаклларини мустақил равишда ўрганишимиз зарур. Бундай илмий тадқиқотлар давлатга хавф-хатар ва имкониятларни ўз вақтида аниқлаш, ташқи сиёсий қарорлар учун мустаҳкам профессионал асос яратишга хизмат қилиши керак.
Миллий дипломатия мактаби кадрлар, таълим, илм-фан, амалиёт, тарихий тажриба ва ўз интеллектуал анъаналаримиз уйғунлигида шаклланади.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон ташқи сиёсат ва дипломатик фаолият борасида салмоқли тажриба тўплади. Энди бу тажрибани тизимлаштириш, чуқур англаш ва кейинги авлодларга етказиш керак. Сўнгги йилларда ЖИДУ ва Дипломатик академияда илмий тадқиқотлар, дарсликлар ва монографиялар тайёрлаш ишлари фаоллашди. “Ўзбекистон дипломатияси тарихи”, “Ўзбекистон ва БМТ”, “Марказий Осиё глобал сиёсатда” каби асарлар шулар жумласидан.
– Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан “Изоҳли дипломатик луғат” ҳамда “Дипломатия: сарчашмалардан замонавий давргача” монографияси тайёрланди. Уларнинг аҳамияти нимада?
– Бу нашрлар турли, аммо ўзаро боғлиқ вазифаларни бажаради. Луғат касбнинг профессионал тилини шакллантирса, монография дипломатиянинг тарихи, назарияси ва бугунги мазмун-моҳиятини очиб беради.
Касбий маданият, энг аввало, тушунчаларнинг аниқлигидан бошланади. Дипломат доимо халқаро ҳуқуқ, музокара жараёни, протокол, хавфсизлик ва ташқи иқтисодий муносабатларга оид атамалар билан ишлайди. “Изоҳли дипломатик луғат” Ўзбекистонда шу йўналишда яратилган илк ихтисослашган нашрдир. У талабалар, ўқитувчилар, тадқиқотчилар, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун мўлжалланган.
Монография эса дипломатиянинг дастлабки кўринишларидан тортиб замонавий халқаро муносабатлар тизимигача бўлган тараққиёт йўлини кузатиш имконини беради. Унинг биринчи қисми анъанавий дипломатия тарихи ва эволюциясига, иккинчи қисми эса иқтисодий дипломатияга бағишланган.
Бундай тузилиш дипломат касбининг ўзида кечаётган ўзгаришларни ҳам акс эттиради. Бугун савдо-сотиқ, инвестициялар, экспорт, технологиялар, энергетика, транспорт ва янги бозорларга чиқиш давлат халқаро фаолиятининг энг муҳим йўналишларига айланди. Ташқи иқтисодий алоқаларини жадал кенгайтираётган Ўзбекистон учун бу масалалар, айниқса, долзарб.
– Сунъий интеллект ва рақамли таҳлил дипломатик фаолиятни қанчалик ўзгартиряпти, деб ўйлайсиз?
– Замонавий воситалар ахборотни излаш ва қайта ишлаш жараёнини тезлаштиради, катта ҳажмдаги маълумотларни ўзаро солиштириш, тенденцияларни кузатиш ва таҳлилий материаллар тайёрлашга ёрдам беради. Бироқ сиёсий вазиятни тўғри англаш, ҳамкор томоннинг позициясини тушуниш, эҳтимолий муросани баҳолаш ва қарорларнинг узоқ муддатли оқибатларини олдиндан кўра билиш инсон тафаккури ва мулоҳазасини талаб қилади. Қарор қабул қилиш масъулияти барибир инсон зиммасида қолади.
Бўлажак дипломатни технологиялардан профессионал ва танқидий ёндашув асосида фойдаланишга, ахборотни текширишга ва рақамли воситаларнинг имконият ҳамда чекловларини тўғри англашга ўргатиш зарур. Сунъий интеллект мутахассис имкониятларини кенгайтиради, аммо дипломатия савияси ҳар доим инсон тафаккури сифати билан белгиланади.
– Ўз дипломатия мактабимизни шакллантиришда жаҳон тажрибасига қанчалик таяняпмиз?
– ЖИДУ ва Дипломатик академия хорижий университетлар, дипломатик академиялар ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Улар орасида Глазго университети, Цукуба университети, Ҳиндистон, Италия, Туркия, Ўмон ва бошқа мамлакатларнинг ихтисослашган муассасалари бор. Ҳамкорлик қўшма тадқиқотлар, таълим дастурлари, ўқитувчи ва экспертлар алмашинуви, илмий анжуманлар ва нашрларни қамраб олади.
Халқаро алоқалар турли ёндашувларни қиёслаш, ўз тизимимизнинг кучли ва заиф жиҳатларини аниқлаш, энг яхши тажрибаларни ўзлаштириш имконини беради. Шу билан бирга, дунёга очиқлик интеллектуал мустақилликни ҳам талаб қилади. Яъни глобал жараёнларни миллий манфаатларимиз ва минтақанинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда баҳолай билишимиз зарур.
– Бир неча йилдан кейинги ўзбек дипломатини қандай тасаввур қиласиз?
– Уни кенг стратегик тафаккурга эга инсон ўлароқ кўраман. Чунки келажакда сиёсат иқтисодиёт, технологиялар, иқлим, энергетика ва ахборот хавфсизлиги масалалари билан янада чамбарчас боғланади. Мутахассисларимизга фундаментал билим, миллий манфаатларни чуқур англаш, хорижий тилларни билиш, замонавий таҳлилий воситалардан фойдалана олиш ва қабул қилинаётган қарорларнинг йиллар давомида қандай оқибатларга олиб келишини олдиндан кўра билиш қобилияти зарур бўлади.
Яна шундай фазилатлар борки, уларнинг қадри вақт ўтиши билан камаймайди. Булар касбий маданият, масъулият, аниқ сўз, тинглай билиш, суҳбатдошни тушуниш ва музокара олиб бориш маҳоратидир. Технологиялар ҳам, дипломатиянинг шакллари ҳам ўзгариб боради. Аммо ўз мамлакатининг манфаатларини чуқур англаш ва уларни ташқи дунёда профессионал тарзда ифода эта билиш ҳамиша касбимизнинг асоси бўлиб қолаверади.
Агар фундаментал таълим, узлуксиз касбий ривожланиш, илм-фан, халқаро тажриба ва ўз дипломатик анъаналаримизни бир бутун тизимга уйғунлаштира олсак, Ўзбекистон ҳозир шаклланаётган янги дунё учун муносиб мутахассислар тайёрлай оладиган кучли дипломатия мактабига эга бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси