Ўзбекистон ва Малайзия миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Сентябрь 29, 2026. 18:18 • 2 дақ
• 67
КУАЛА-ЛУМПУР, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) делегацияси Куала-Лумпурга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида ЎзА вакиллари ушбу давлат Ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE) ташаббуси билан ўтказилган Малайзия Халқаро ҳалол кўргазмаси (MIHAS-2026)да иштирок этди.
58 мамлакатдан жами 50 мингдан зиёд меҳмонлар қатнашган кўргазмада юртимизнинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон павильони ташкил этилиб, унда миллий маҳсулотлар намойиш этилди.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев “Bernama” ахборот агентлигига берган интервьюсида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш бўйича фикр билдирди.
Ўзбекистон делегацияси Малайзиянинг “Bernama” миллий ахборот агентлигига ташриф буюрди. Учрашув давомида икки агентлик вакиллари ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, ўзаро англашув меморандумини имзолашга келишиб олди.
1967 йилда ташкил этилган “Bernama” Малайзияда хорижий оммавий ахборот воситаларига маълумот тарқатиш бўйича эксклюзив ҳуқуқларга эга бўлган ягона ахборот агентлиги ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси