Яман парламенти ҳусийлар ҳужуми фонида умумий сафарбарликни маъқуллади
Сентябрь 29, 2026. 18:48 • 2 дақ
• 115
САНО, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Яман Вакиллар палатаси (парламенти) мамлакат ғарбида ҳусийларнинг олдинга силжиши ва Боб ал-Мандеб бўғози атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви фонида умумий сафарбарлик эълон қилинишини маъқуллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Яманнинг “SABA” ахборот агентлигига таяниб.
Қарор Яман Президентлик раҳбарлик кенгаши раиси ва Қуролли кучлар олий бош қўмондони Ришод ал-Алимининг мурожаатига биноан, парламент спикери Султон ал-Бараконий раислигида видеоконференция шаклида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда қабул қилинди.
Таъкидланишича, сафарбарлик тинч аҳоли, конституциявий тузум, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун эълон қилинган. У мазкур қарорни жорий этиш учун асос бўлган ҳолатлар барҳам топгунга қадар амал қилади.
Ришод ал-Алими аҳолини ҳусийларга қарши курашда иштирок этишга чақирди ва ҳукуматнинг бутун мамлакат ҳудуди, жумладан, 2014 йилдан бери ҳаракат назорати остида бўлган пойтахт Сано шаҳри устидан назоратни тиклаш ниятини билдирди.
Шу билан бирга, расмийлар ҳукумат томонига ўтадиган ҳусий жангчиларига амнистия таклиф қилди. Таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу чора ҳаракат сафларини заифлаштириш ва можаронинг янада кучайиши хавфини камайтиришга қаратилган.
Парламент қарорига ҳусийларнинг Яманнинг ғарбий ҳудудларидаги сўнгги муваффақиятлари, жумладан, Моха ва Майюн оролини босиб олиши таъсир кўрсатди. Ҳукумат кучлари жаҳон денгиз савдоси учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Боб ал-Мандеб бўғози ҳудудида ҳам ўз мавқеини йўқотди.
Кескинлашув Яманнинг халқаро тан олинган ҳукуматини қўллаб-қувватловчи Саудия Арабистонига ҳам таъсир кўрсатди. Ар-Риёд маълумотларига кўра, ҳусийлар қироллик ҳудудига ракета ва учувчисиз учиш аппаратларидан зарбалар берган.
Шу муносабат билан Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ҳарбий раҳбарларнинг фавқулодда учрашувини ўтказишга келишиб олди. Шу билан бирга, бу мамлакатларнинг Яман можаросидаги эҳтимолий иштироки кўлами ҳали аниқланмаган.
Август ойида Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон Маккада қўшма мудофаа тўғрисидаги битимни имзолаган. Унга кўра, аъзо давлатлардан бирига қуролли ҳужум альянснинг барча аъзоларига ҳужум сифатида баҳоланади (НАТО низомининг 5-моддасига ўхшаш).
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси