Афғонистондаги сув тошқинларида 20 киши ҳалок бўлди, юздан ортиқ одам бедарак йўқолди

Июль 21, 2026. 11:00 • 2 дақ

191
Афғонистондаги сув тошқинларида 20 киши ҳалок бўлди, юздан ортиқ одам бедарак йўқолди

ҚОБУЛ, 21 июль. /“Дунё” АА/. Афғонистонда 20 июль куни кучли ёғингарчилик оқибатида содир бўлган сув тошқинлари натижасида камида 20 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “BBC”га таяниб.

“Толибон” ҳукуматининг маълум қилишича, табиий офат туфайли 100 нафардан ортиқ одам бедарак йўқолган. Сув тошқинларидан энг кўп Нуристон вилояти маркази Парун зарар кўрган. Йўқолганлар орасида шаҳар мэри ҳам бор. Шу билан бирга, 80 нафардан ортиқ киши жароҳатланган.

“Толибон” расмийларининг таъкидлашича, ушбу офат жиддий молиявий ва инсоний йўқотишлар сабаб бўлиши мумкин. Ижтимоий тармоқларда кўплаб уйлар, дўконлар, муниципал биноларнинг вайрон бўлган кадрлари эълон қилинмоқда.

Афғонистон иқлим ўзгариши ва табиий офатлар, жумладан, бўронлар ва қурғоқчиликнинг экстремал таъсирига энг заиф давлатлар қаторига киради.

Кучли ёмғирлар ва тошқин хавфи давом этиши қайд этилган. “Толибон” метеорология бошқармаси 22 июлга қадар мамлакатнинг 34 вилоятидан 10 тасида кучли ёмғир ва сув тошқинлари давом этиши ҳақида огоҳлантирди. Расмийлар аҳолига дарё қирғоқлари ва сув тошқини хавфи бўлган ҳудудларга яқинлашмасликни маслаҳат бермоқда.

Шу йил апрель ойида Афғонистон шимолида кузатилган кучли ёмғирлар ва сув тошқинларида камида 150 киши ҳалок бўлганди. Жаҳон озиқ-овқат дастури эса қурбонлар сони 300 нафардан ортиқ эканини маълум қилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш